17:03 / 20.02.2021
7436

Хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг президент сайловида овоз бериши тартиби маълум қилинди

Чет давлатларда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари президент сайловида овоз бериш учун ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан 15 кун олдин ёзма шаклда мурожаат қилиши мумкин бўлади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Қайд этилишича, амалдаги сайлов қонунчилигига кўра, Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари тузилади. Сайлов участкаларидаги сайловчиларнинг рўйхати дипломатик ва бошқа ваколатхона бошлиқлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида шакллантирилади ҳамда чет давлатларда турган фуқаролар сайловчилар рўйхати билан танишиш усули, жойи ва вақти тўғрисида хабардор қилинади.

«Чет давлатларда турган фуқаролар ўзларини сайловчилар рўйхатига киритиш тўғрисида сайловдан 15 кун олдин ёзма шаклда Ўзбекистоннинг дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган участка сайлов комиссияларига ёки Ташқи ишлар вазирлиги сайти орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.

Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида овоз бериш сайлов куни ушбу сайлов участкалари жойлашган ердаги маҳаллий вақт билан соат 8:00дан 20:00гача ўтказилади», – дея Адлия вазирлиги вакилининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 8 февраль куни Ўзбекистон сайлов қонунчилигига ўзгартириш киритиш назарда тутилган қонун қабул қилинди. Қонун билан киритилаётган ўзгартишларга кўра, президентликка, парламентга, маҳаллий кенгашларга сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида (2021 йил 24 октябрга тўғри келмоқда – таҳр.) ўтказиладиган бўлди. Бунгача сайловлар декабрь ойида ўтказилар эди.

Шунингдек, янги тайинланган Марказий сайлов комиссияси котибият раҳбари Худоёр Маматов президент, парламент ва маҳаллий кенгашларнинг сайлов санаси октябрь ойига кўчирилганига асосий омил - Ўзбекистон сайловчиларининг хоҳиш-иродаси эканлигини айтган.

Top