Ўзбекистон | 17:46 / 03.03.2021
6792
3 дақиқада ўқилади

Чегарада экспресс тест текширувларини ташкил этувчи компаниялар учун танлов эълон қилинди

Аввалроқ, ушбу хизмат билан ССВ ҳузурида ташкил этилган Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги собиқ директори Баҳром Алматовга алоқадор компания шуғулланаётгани ҳақида хабар берилганди.

Бир қатор ваколатли ташкилотларга Ўзбекистон Республикасига кириб келувчи шахсларга арзон ва сифатли коронавирусга антиген экспресс тест текширувларини ташкил этиш мақсадида танлов асосида, жамоатчиликка эълон берган ҳолда лабораторияларни қайта жалб этиш чораларини кўриш вазифаси юклатилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Бунга Республика чегара ўтказиш пунктларида коронавирусга антиген экспресс тест текширувларини ўтказиш юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушаётгани сабаб бўлгани айтилади. 

Маълум қилинишича, коронавирусга антиген экспресс тест текширувларни ўтказиш учун лабораторияларни жалб қилиш бўйича ўтказиладиган танловнинг аниқ талабларини ишлаб чиқиш ва оммавий ахборот воситаларига жойлаштириш, чегара ўтказиш пунктларида лабораториялар фаолияти очиқ рақобат тамойили асосида ташкил этилиши, чегара ўтказиш пункти орқали кириб келувчилар сони беш юз нафардан ортиқ бўлган пунктларда лабораториялар камида 2та бўлиши ҳамда кўрсатиладиган хизматлар нархлари арзон ва сифатли бўлишини таъминлаш вазифаси махсус комиссия томонидан белгиланган.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси хабарига кўра, коронавирусга антиген экспресс тест текширувларини ўтказиш хизматини очиқ рақобат тамойили асосида ташкил этиш мақсадида Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Транспорт вазирлиги ва «Uzbekistan airports» АЖ билан биргаликда янги танлов ҳужжатлари ишлаб чиқилди. Тадбиркорлик субъектлари орасида тенг рақобат муҳитини яратишга қаратилган шартлар асосида Ўзбекистон Республикаси аэропортлари томонидан янги танловлар эълон қилинди.

Айни пайтда давлат харидлари порталида 6та танлов эълон қилинган.

«Шунингдек, яқин кунларда Тошкент ва Урганч аэропортларида тадбиркорлик субъектлари орасида тенг рақобат муҳитини яратишга қаратилган шартлар асосида танлов эълон қилиниши режалаштирилган», – дейилади қўмита хабарида.

Таъкидланишича, ушбу хизмат турларини кўрсатиш имкониятига эга тадбиркорлик субъектлари танловда тенг шартлар асосида иштирок этишлари мумкин.

2020 йил 25 декабрдан бошлаб Ўзбекистонга коронавирус ҳамда унинг янги штамми кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида хориждан келувчи барча шахслар ўз ҳисобидан чегара пункти ҳудудида коронавирусга экспресс тест олиш тартиби жорий қилинганди.

Тошкент халқаро аэропортининг «Тиббиёт дунёси» МЧЖ билан имзолаган шартномасига кўра, тест таҳлилларини олиш ваколати ушбу корхонага берилган ва йўлга қўйилган. Компания директори ўринбосари эса жамоатчиликка таниш Баҳром Алматов ҳисобланади.

Баҳром Алматов 2019 йилнинг сентябрида ССВ ҳузурида ташкил этилган Санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директори – Ўзбекистоннинг Бош давлат санитария врачи этиб тайинланган эди. 2020 йил апрелида эса у агентлик директорининг ўринбосари лавозимини эгаллаганди. Ушбу агентлик ташкил этилганидан бир йил ўтиб тугатилган.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид