Жамият | 15:01 / 05.03.2021
20733
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда биткоин олди-сотдиси билан шуғулланган шахслар ушланди

Ҳолат юзасидан гумондорларга нисбатан ЖКнинг иккита моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг маълум қилишича, Тошкент шаҳрида фуқаро рақамли криптовалюта савдоси билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган.

У 1В (биткоин) электрон пул бирлигини 49 670 долларга баҳолаб, 0,45 (биткоин) электрон пул бирлигига ўзининг 5 фоизлик устама фойдасини қўшган ҳолда, 0,45 (биткоин) электрон пул бирлигини бошқа шахснинг «электрон ҳамён»ига ўтказиб берган. Бунинг эвазига харидордан 23 400 доллар ва 800 минг сўм пулни олган вақтида департаментнинг Шайхонтоҳур туман бўлими ва ДХХ ходимлари томонидан ушланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан криптовалюта сотувчи ва харид қилувчига нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси (Валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) ва 190-моддаси (Фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда дастлабки тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Тошкентда 20 биткоинни 208 минг долларга сотаётган, криптовалюта олиб беришини айтиб, 152 млн сўмга алдаб кетган шахслар ушланган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда криптоактивлар ёрдамида бойиб кетишни таклиф қилаётган «молиявий пирамидалар» пайдо бўлгани хабар берилганди.

2018 йили Ўзбекистонда электрон пуллар тўғрисида қонун ишлаб чиқилиши айтилган, бироқ Mirzo Ulugbek Innovation Center (MUIC)нинг ўша пайтдаги бош директори Фарҳод Иброҳимов Ўзбекистонда криптовалюта легаллаштирилиши ҳақидаги гап-сўзларни рад этганди. Орадан кўп ўтмай Ўзбекистонда «блокчейн» технологиялари жорий қилинишига доир президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб ўрнатиладиган тартибга мувофиқ, криптоактивлар айланмаси соҳасидаги фаолият, жумладан криптоактивлар билан савдо қилувчи криптобиржалар яратиш лицензияланиши билдирилган.

2020 йили Ўзбекистонда электрон пуллардан фойдаланиш тартиби белгиланди. 2021 йилнинг февралида эълон қилинган янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасида рақамли пул (криптовалюта) муомаласининг асосий қоидаларини белгилаб қўйиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид