20 март куни Hampton by Hilton Tashkent Park Abdula Kodiri меҳмонхонасининг пойдеворига вақт капсуласини қўйиш маросими бўлиб ўтди. Меҳмонхона Тошкент марказидаги Абдулла Қодирий боғи ичида қурилади.

Шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, лойиҳани ҳам инвестор, ҳам қурувчи сифатида Қозоғистоннинг BI Group компанияси амалга оширади.

0,75 гектар майдонни эгаллайдиган лойиҳага 100 миллиард сўмдан ортиқ инвестиция киритилади.

Фото: Forbes.kz

«Меҳмонхонадан 120 хона ва бизнес-марказ ўрин олади. Лойиҳа жорий йилнинг май ойида бошланиб, 2022 йил июнь ойида фойдаланишга топширилади», – дейилади расмий релизда.

Қурилиш учун ер майдони қандай шартлар асосида ажратилгани маълум қилинмаган.

Абдулла Қодирий боғида бошланган инвестиция лойиҳалари

2019 йилда Абдулла Қодирий боғини кенг миқёсда қайта таъмирлаш ҳақида қарор чиққан. Lex.uz базасига киритилмаган қарорда 16,5 гектарлик боғ ҳудудида 14 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.

Шаҳар ҳокимлиги ўша йили боғни янгилаш учун давлат бюджетидан пул ажратилмаслигини маълум қилганди. Боғни ободонлаштириш, у ерда ёзувчига ҳайкал қўйиш, кутубхона ва ижод мактаби қуриш кабилар инвестиция шарти сифатида белгиланган.

Бу ердаги лойиҳалардан бири – Япониянинг H.I.S. Hotel Holdings Co. Ltd. компанияси қураётган 4 юлдузли меҳмонхона. 5 қаватли, 140 хонали отель қурилиши 13 млн долларга баҳоланган. Ўзбекистондаги илк япон меҳмонхонаси 2021 йил охирида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда.