Ўзбекистон | 16:32 / 05.04.2021
16371
2 дақиқада ўқилади

Юнусободда 41 ёшли фуқаронинг мурдаси топилди. Интернетда у ИИБда олган жароҳатлари туфайли вафот этгани ҳақида хабар тарқалди

Интернетда жорий йилнинг 1 апрел куни 41 ёшли А.Б. Юнусобод тумани ИИО ФМБ 3-сонли ИИБга келтирилганидан сўнг олган тан жароҳатлари туфайли вафот этгани ҳақида хабар тарқалди.

Тошкент шаҳар ИИББ маълумотига кўра, 1 апрел куни соат 21:00ларда муқаддам тўрт маротаба судланган А.Б. ва яна икки нафар фуқаро, муқаддам судланганлар, 1979 йилда туғилган Д.Л. ва 1970 йилда туғилган А.Л. билан сўров олиб бориш учун Юнусобод тумани 3-сонли ИИБга келтирилган.

Қайд этилишича, ўртача ҳисобда 45 дақиқа давом этган сўровдан сўнг учала шахс қўйиб юборилган. 2 апрел куни эрталаб соат 4:00-4:30ларда 30-уйнинг олдида А.Б.нинг мурдаси топилган. Ўлим сабабини аниқлаш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. 

“Республика илмий-амалий суд-тиббиёт маркази ҳудудий филиали томонидан берилган бирламчи маълумотга кўра, марҳумнинг бир неча касалликлари бўлган, хусусан, юрак ишемик касаллиги, гематоген сил, полиорган етишмовчилиги, икки томонлама ўпка плеврити, бош мия ва ўпка шиши, сурункали гепатит, гиёҳвандлик, алкоголдан заҳарланиш”, дейилади ИИББ маълумотида.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. 

“Масъул ташкилотларнинг расмий изоҳини олмасдан туриб, олдиндан хулоса чиқармаслигингизни сўраймиз”, дейилган маҳкама хабарида.

Мавзуга оид