Туризм СОVID-19 пандемияси даврида энг кўп зарар кўрган соҳалардан бири ҳисобланади. Бирлашган миллатлар ташкилотининг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (UNWTO) маълумотларига кўра, сайёҳларнинг ташрифи 2020 йилда 2019 йилги кўрсаткичга нисбатан 74 фоизга камайган. Пандемиядан олдин туризм йирик бизнес ҳисобланиб, глобал ялпи ички маҳсулотнинг 10 фоизидан кўпроғини ташкил қилган. Туризмга боғлиқ ёки ихтисослашган мамлакатларда бу улуш янада кўпроқни ташкил этади.

Ўзбекистон иқтисодиётида туризмнинг аҳамияти қай даражада?

Ўзбекистонда 2019 йилда туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 1,3 миллиард долларни ташкил қилган. Бу мамлакат ялпи ички маҳсулотининг умумий улушида 2,3 фоизни ташкил қилган. Шунингдек, экспортнинг умумий улушида 7,3 фоизни эгаллаган.

Маълумот учун, пандемия бошланган даврга қадар туризм соҳасида доимий ўсиш кузатилган. Хусусан, туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 2017 йилда 547 миллион долларни (ЯИМнинг 0,9 фоизи), 2018 йилда эса 1,04 миллиард долларни (ЯИМнинг 2,1 фоизи) ташкил қилган.

Жорий йилнинг январь ойида АОКАда ўтказилган брифингда Туризмни ривожлантириш қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов (эндиликда Туризм ва спорт вазирлиги) 2020 йилда туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 261 миллион долларни ташкил этиб, мамлакатга 1 миллион 504 минг турист ташриф буюрганини айтиб ўтган.

«2021 йилда барча ишларни умумий рақамлар орқали эмас, аниқ режалар ва рейсма-рейс йўналиш бўйича батафсил ҳисоб-китоб асосида амалга оширмоқчимиз, зиёрат туризмига кўпроқ эътибор қаратмоқчимиз. 2021 йилда Ўзбекистонга 1 миллион 700 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифини таъминлаш бўйича режа қилинган ва келадиган даромад 370 миллион доллар бўлиши кутиляпти», деб таъкидлаган Азиз Абдуҳакимов.

Энди бу рақамларни 2019 йилдаги «пандемиясиз дунё»даги ҳолат билан таққослайдиган бўлсак, 2020 йилда туристик хизматлар экспортидан тушган даромад 80 фоизга пасайган. Агар 2021 йилда вакцинация жараёнлари тезлашиб, қўмита томонидан эълон қилинган прогнозлар ўзини оқласа, соҳадан келадиган даромадлар 2019 йилдаги кўрсаткичларнинг 28 фоизи миқдорида тикланиши мумкин.

Бундан ташқари, туризм иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари: транспорт, меҳмонхоналар бизнеси, умумий овқатланиш, савдо-сотиқ соҳаларида ҳам иккиламчи талабни юзага келтириши натижасида иқтисодиётга жиддий зарар етказган.