Куни кеча сайтимизда Тошкент шаҳридаги ўнлаб тадбиркорларнинг ташқи реклама объектлари маҳаллий ҳокимиятлар томонидан ҳеч қандай ҳужжатсиз бузиб ташланаётгани ҳақида мақола эълон қилган эдик.

Мақолада пойтахтдаги ташқи реклама бизнеси эгаларининг ўзларига мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган, баҳоси 300 миллион сўмгача турадиган 200 дан ортиқ реклама конструкциялари номаълум сабабларга кўра бузиб ташланаётгани ёритилган.

Ушбу ҳаракатлардан жабр кўрган тадбиркорлар ўзларига тегишли ташқи реклама объектларини нега ноқонуний бузиб юборилмоқда деб ҳисоблашларини айтиб берди.

«Solid Max» МЧЖ ходими Рафиқ Эргашевнинг айтишича, ҳозирги кунгача корхона балансидаги 43 та ташқи реклама объектининг 11 таси туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ноқонуний равишда бузиб ташланган.

Тахминий зарар миқдори конструкциялар турига қараб, ҳар бири учун 15-20 миллион сўмни ташкил қилади.

Рафиқ Эргашев «Solid Max» МЧЖ ходими

«Қўлимизда объектнинг паспорти бор, уни бузаётганлардан асос сўрасак, қонуний асос келтира олмаяпти. Оғзаки равишда сизлар LED экран ва ҳокимиятлар билан шартнома қилмагансизлар дейишяпти.

2020 йил 20 февралда қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг 104-сонли «Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори бўйича Низом бор. Яъни Тошкент шаҳридаги барча реклама объектлари ВМ қарорига мос келадими ёки йўқлиги инвертизация қилиниши керак эди. Бу бўйича 6 ой ичида тадбиркорларга хатолар бўйича кўрсатма берилиши ёки ижобий хулоса берилиши керак эди. Лекин ҳеч қандай ишчи гуруҳ тузилмаган, кўрсатмалар ва хулоса ҳам берилмаган.

Ижобий хулоса асосида биз давлат хизматлари марказидан 20 йиллик гарантия LED экранли объект учун паспорт олардик. Хулоса берилмаганидан кейин, катта таваккал қилиб 150-170 миллион сўм турадиган қиммат, бузилиб кетмаслигига кафолат берилмайдиган LED экранларни қўйиб чиқолмаймиз-да. Бундан ташқари, бу ноқонуний ҳам бўлади, чунки паспорт оддий реклама объектига берилган», – дейди тадбиркор.