Сурхондарёда белгиланган тезлик меъёрини бузиб ҳаракатланган ҳайдовчи отасининг ўлимига сабаб бўлди
Сурхондарё вилояти Шеробод туманида белгиланган тезлик меъёрларини бузиб ҳаракатланган «Nexia-2» ҳайдовчиси йўл-транспорт ҳодисасини содир этган. Оқибатда унинг ёнида йўловчи сифатида кетаётган отаси оғир тан жароҳатлари олиб, туман шифохонасида вафот этган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ЙҲХБ хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 2021 йил 24 апрель куни соат 10:30 атрофида М39 Олмаота — Тошкент — Термиз халқаро автомобиль йўлининг Сурхондарё вилояти Шеробод туманидан ўтувчи 1412-километрида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. 31 ёшли ҳайдовчи бошқарувидаги «Nexia-2» автомашинаси йўл четидаги ҳимоя бетон тўсиққа бориб урилган. Натижада, машинанинг олд ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган ҳайдовчининг отаси оғир тан жaроҳатлари олиб, туман шифохонасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Аммо кўрсатилган тез тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган.
Вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан мазкур йўл-транспорт ҳодисасининг сабаблари ўрганилганда, ҳайдовчи белгиланган меъёрдан тез ҳаракатлангани ва бошқарувни йўқотиб, бетон тўсиққа бориб урилгани аниқланган.