Ўзбекистонда бу йилги қурилиш кўлами ўтган йилларга нисбатан анча кенг бўлиши кутилмоқда. Ўз навбатида, соҳага ажратиладиган бюджет маблағлари ҳам сезиларли ошаётгани бир қанча рақамларда намоён бўлади.

Уй-жой қурилишига бюджет сарфи ортмоқда

Охирги 3 йилда уй-жой қуриш дастурига давлат бюджетидан 15 триллион сўм маблағ ажратилган. Бу – йилига ўртача 5 триллион сўмдан тўғри келади, дегани.

2021 йилга келиб эса мазкур кўрсаткич ўтган йиллардагига нисбатан 2 баробар ўсмоқда, яъни шу йилнинг ўзида қарийб 11 триллион сўм бюджет маблағи (ташқи қарз) ипотека кредитлари асосида харид қилинадиган уй-жой қуриш учун йўналтирилмоқда.

Умуман олганда, ҳозирги даврга келиб республика бюджетидан қурилишга ажратилаётган маблағлар сезиларли ортаётгани кўзга ташланмоқда.

Бу, бир томондан, урбанизация жараёни жонланаётгани, аҳолининг уй-жой ва қурилишга бўлган талаби ўсиб бораётганини ифодаласа, иккинчи томондан, бюджет тақчиллиги ортишига ҳам сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Чунки янги ва катта миқдордаги харажатларнинг юзага келиши қўшимча маблағ талаб этади.

Хусусан, 2021 йил уй-жой қурилишига ажратиладиган 1 миллиард доллар атрофидаги маблағнинг асосий қисми давлат ташқи қарзи ҳисобига тўғри келиши ҳам буни ойдинлаштиради.

Прогнозларга кўра, жорий йилги бюджет дефицити қарийб 37,5 триллион сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда. Бунда қурилиш соҳасининг ҳам маълум улуши бор, албатта.

ЯИМда қурилиш улуши 7 фоиздан ошган

Давлат бюджети тўғрисидаги қонунда 2021 йил давомида республика бўйича объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун 15 триллион 512 миллиард 398 миллион сўм ажратилиши белгиланган