Ўзбекистон | 07:49 / 13.05.2021
7458
3 дақиқада ўқилади

Ким ички аудитор сертификатини олиши мумкинлиги аниқлаштирилди

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 майдаги қарори билан Ички аудит хизмати ходимларини сертификатлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Низомга асосан сертификат аудиторларнинг республика жамоат бирлашмаси томонидан 5 йил муддатга берилади. Кейинчалик муддат 10 йиллик муддатга ва муддатсиз даврга узайтирилиши мумкин. Сертификат ички аудиторнинг профессионал малакасини тасдиқлайди ва сертификат эгасига тадбиркорлик субъектларининг ички аудит хизматида фаолият кўрсатиш ҳуқуқини беради.

Аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари (Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон аудиторлар палатаси)нинг ваколатлари белгиланди:

  • малака имтиҳонини ўтказишни ташкил қилади, шунингдек, ўзларининг веб-сайтларига малака имтиҳонини ўтказиш санаси, вақти ва жойи тўғрисидаги ахборотни жойлаштиради;
  • тест саволларига киритилган фанлар бўйича мавзуларни веб-сайтига жойлаштиради;
  • малака оширишнинг намунавий дастурини тасдиқлайди;
  • талабгорларни малака имтиҳонига қўйиш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Сертификат олишга талабгор қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

  • олий иқтисодий маълумотга ҳамда олий таълим муассасасини битирганидан кейин охирги ўн йилдан камида икки йил бухгалтерия ҳисоби ва аудит, солиқ маслаҳати ва молия соҳасида ёки олий таълим муассасаларида “Бухгалтерия ҳисоби” ёхуд “Аудит” фанидан таълим бериш соҳасида амалий иш стажига (шу жумладан, ўриндошлик асосида) эга бўлиш;
  • халқаро сертификат доирасида “Молиявий ҳисоб” фанини муваффақиятли топширганлиги тўғрисидаги ҳужжатга эга бўлиш.

Малака имтиҳонини ўтказувчи комиссия таркибига аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари вакиллари ва бухгалтерия ҳисоби, аудит, солиқ ва хўжалик ҳуқуқи соҳаларининг етакчи мутахассислари киритилади.

Комиссия аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан камида бешта аъзодан, шу жумладан, комиссия раисидан иборат таркибда тузилади.

Сертификат эгаси сертификатини олган йилдан кейинги йилидан бошлаб ҳар йили аудиторларнинг республика жамоат бирлашмалари томонидан тасдиқланган малака ошириш намунавий дастури бўйича 20 соатдан кам бўлмаган ҳажмда малака ошириш курсларини ўтиши шарт. Ички аудиторлар малакасини ошириш бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасидаги халқаро ташкилотларда аккредитациядан ўтган ўқув марказлари томонидан амалга оширилади.

Ички аудитор йил якунлари бўйича унинг малака ошириш курсларидан ўтганлигини тасдиқловчи маълумотни ҳар йили 10 январга қадар сертификатни берган аудиторларнинг республика жамоат бирлашмасига тақдим этиши керак.

Халқаро сертификат эгаси бўлган ички аудитор ўз танловига кўра намунавий дастур бўйича ёки халқаро сертификат дастури доирасида малака ошириш курсларидан бирини ўтиши мумкин.

Мазкур низом қоидалари тижорат банкларига ва бюджет ташкилотларига татбиқ этилмайди.

Мавзуга оид