Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Лавров Тожикистондаги Россия базасини Марказий Осиёдаги барқарорлик омили деб атади
Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тожикистонга ташриф билан келди. У Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан музокаралар ўтказиб, сўнг қатор баёнотлар билан чиқиш қилди.
«Ҳарбий, ҳарбий-техник соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида битимларнинг бажарилишини, шу жумладан Россиянинг Тожикистон қуролли кучларини модернизация қилишга кўмаклашиши масаласини кўриб чиқдик. Белгиланган режаларни тегишли муддатларда бажаришда давом этишга келишиб олдик», деди Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ҳамкасби Сирожиддин Муҳриддин билан музокаралардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида.
Унинг сўзларига кўра, бу умумий хавфсизликка таҳдидлар сақланиб қолаётгани сабабли жуда муҳимдир.
«Аввало, АҚШ ва НАТО қўшинларининг Афғонистондан олиб чиқилиши бошлангани ёки шу ҳақда баёнот берилгани муносабати билан юзага келаётган вазият шароитида кўриб чиқилиши лозим. Биз Афғонистон шимолий вилоятларида халқаро террорчилик ташкилотлари жангариларининг фаоллашганидан хавотирдамиз. Душанбега терроризм ва экстремизм, гиёҳванд моддалар ноқонуний айланмасига қарши курашишда ҳар томонлама кўмак берамиз», деди Лавров.
У Тожикистондаги Россия ҳарбий базаси Марказий Осиёда барқарорликни сақловчи омил эканини таъкидлади, шунингдек, Россия тожик-афғон чегараси участкаларидан бирида замонавий чегара постини қуришда молиявий ёрдам беришини айтди.
«Тожикистонда жойлашган 201-Россия ҳарбий базаси Марказий Осиё минтақасида барқарорликни сақловчи муҳим омили экани борасида якдил фикрга эгамиз. Россия қуролли кучлари иштирокида аксилтеррорчилик ҳаракатлари бўйича мунтазам равишда ўқув машқлари ўтказилмоқда. Яқин келажакда ҳукуматлараро битим имзоланиши кутиляпти, унга кўра тожик-афғон чегараси участкаларидан бирида замонавий чегара постини қуришда молиявий ёрдам кўрсатамиз», деди у.