Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Kun.uz'га берган интервьюсида хорижда ишлаётган ўзбекистонлик юқори малакали тиббиёт ходимларини ватанга қайтишга чақирди ва хориждан қайтган шифокор-мутахассисларга уёқдагидан кам бўлмаган маош тўланиши, улар яхши лавозим ва уй-жой билан таъминланиши, уларни қайси тумандаги қайси клиникага жойлаштириш масаласи билан Вазирлар Маҳкамасида шахсан ўзи шуғулланишини айтганди.

Kun.uz профессор, невролог Зарифбой Ибодуллаев, Саудия Арабистони Мадина шаҳридаги қирол Фаҳад шифохонаси шифокор-анестезиологи, тиббиёт фанлари доктори Аброр Акмалов ҳамда лор шифокори, узоқ йиллар Сомалида фаолият олиб борган, айни пайтда Ўзбекистонга қайтган Илҳом Мирвалиевнинг ушбу ташаббус қанчалик самара бериши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

– Холис айтадиган бўлсак, бу хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган шифокорларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича иккинчи уриниш. Аввалроқ ҳам бундай ташаббус билдирилган, бироқ берилган катта-катта ваъдаларга ишониб ватанга қайтганларнинг кўпчилиги салоҳиятига муносиб жойларга қўйилмагани учун кўплаб мутахассисларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, ортларига қайтиб кетганини орқаваротдан эшитиб юрибмиз. Сизнингча, бу галги уриниш қандай натижа беради? Ўтган галги сценарий такрорланмаслигига кафолат борми?

Зарифбой Ибодуллаев, профессор, невролог:

– Аввало, муҳтарам Беҳзод Мусаев бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан маслаҳатлашдимикан, деган савол пайдо бўлади. Иккинчидан, мен энг катта тиббиёт даргоҳи бўлмиш Тошкент тиббиёт академиясида ўттиз йилдан буён ишлайман, келиб ҳурматли профессорлар, аҳволингиз қандай, академияни хориж даражасига олиб чиқиш учун сизларга қандай шароитлари қилиб бериш керак, нима камчиликлар бор, деб шу пайтгача катталаримиздан ҳеч ким юракдан қизиққани йўқ.

Энг қизиғи, Беҳзод Мусаевнинг бу интервьюсидан кейин мен Human.uz’га чиқиб бу ҳақда гапирдим. Менга ҳамкасбларим ҳалигача қўнғироқ қилиб, интервьюдан кейин ҳукуматдан, бош вазир ўринбосари ёки у кишининг ёрдамчилари алоқага чиқдими, билдирган фикрларингиз бўйича юзма-юз суҳбатга чақиришдими, деб сўрашади. Ҳеч ким шу пайтгача мен билан боғлангани ҳам, фикрларимга расман муносабат билдиргани ҳам йўқ.