«Бу қўшимча кўплаб хавотирларга, фаразларга сабаб бўлмоқда. Баъзи талқинларга кўра, бу модда Facebook, Telegram, Instagram, TikTok, Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқлар фаолиятига жиддий таъсир қилиши мумкин экан. Жумладан, юқоридаги моддадан келиб чиқиб, Ўзбекистон ҳуқумати, ватандошларга тегишли барча маълумотларни Ўзбекистон ҳудудидаги серверларда жойлашни талаб қилиши, акс ҳолда, бу ижтимоий тармоқлар ёпилиши мумкинлигини айтишмоқда.
1. Ижтимоий тармоқлардаги инсонларнинг шахсий ташаббуси ва масъулияти билан жойлаштириладиган маълумотлар – шахснинг ўзи ва бошқалар тўғрисидаги ахборот йиғиш ва тарқатиш, фикрлаш эркинлиги, сўз эркинлиги, мулоқот ҳуқуқи ҳисобланади. Бу — инсоннинг фундаментал, универсал ҳуқуқлари саналади, халқаро қонунлар ва Ўзбекистон Конституцияси билан кафолатланади. Шахснинг баъзи маълумотлари давлат ҳимоясидаги унинг хавфсизлиги, шаъни билан боғлиқ сирлари ҳисобланиши мумкин. Масалан, унинг қон гуруҳи, аниқ яшаш манзили, расмий ҳужжатларидаги маълумотлари, яқинлари кимлиги, соғлиғи билан боғлиқ муаммолари ва ҳоказо. Бундай маълумотларни ҳимоя қилишда, давлат ва жамоатчилик жамият аъзоларига умумий кўринишда тушунтириш ишлари олиб бориши керак бўлади.
2. Ижтимоий тармоқлар серверларини Ўзбекистонда жойлаштиришни талаб қилиш – технологик жараёнларни тушунмасликдир. Чунки шахсларнинг маълумотлари, ижтимоий тармоқларда уларнинг фуқаролигига қараб ёки яшаш жойига қараб жойлаштирилмайди. Бу ўта мураккаб технологик жараён ҳисобланади. Бунинг устига, фуқаролигига қараб одамларни «сортировка» қилишни талаб қилиш – дискринимация ҳамда тоталитар назорат ҳисобланади.
3. Агар «шахсга тегишли маълумотларни ҳимоя қиламиз» деган тоталитар мантиқ давом эттирилса, унда ижтимоий тармоқлардан олдин электрон почталар, ундан ҳам олдин мобил компаниялар тўсиққа учраши керак бўлади. Масалан, шахсга тегишли маълумотлар миқдори, Facebook’дан кўра, Google’да, Россиянинг электрон почталарида анча кўп бўлиши керак. Ёки 1990-2010 йилларда, биргина «Ўздунробита», кейинчалик МТС компанияси қўлидан, Ўзбекистон аҳолисига ва элитасига тегишли гигант маълумотлар оқими ўтди. Агар юқоридаги мантиққа таянилса, унда ахборот, алоқа ва кенг жамоатчиликка хизмат кўрсатиш билан ишлайдиган ҳар қандай хорижий компанияларни ёпиш, миллийлаштириш керак бўлади.
4. Юқоридаги ўзгартиришнинг ҳуқуқий чегараси аниқ белгиланиши ва тушунтирилиши керак. Бу ҳуқуқий талаб, фақатгина давлат органларининг (Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳ.к.) фуқароларга тегишли бўлган хусусий, шахсий ва махфий маълумотлар базалари сақланадиган серверларга нисбатан қўлланиши керак. Яъни бу талаб – давлатга, ҳокимиятга, ҳукуматга, давлат органларига тегишли! Асло, фуқароларга, уларнинг эркинликларига эмас.

















