18:48 / 01.06.2021
3632

Ургутда қарийб 1 килограмм опийни 18 минг долларга сотмоқчи бўлган шахсларга ҳукм ўқилди

Ургут туманида 966 грамм «опий»ни 18 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган шахсларга суд ҳукми эълон қилинган. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ДХХ вилоят бошқармаси ҳамда вилоят Ички ишлар ва божхона бошқармалари ходимлари ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида гиёҳванд моддалар савдосига чек қўйилган. Бир гуруҳ шахслар ўзаро жиноий тил бириктириб, оғирлиги 966 грамм бўлган «опий»ни Ургут тумани Жартепа маҳалласи ҳудудида Р. исмли шахсга 18.000 АҚШ долларига сотаётган чоғда жиноят устида қўлга олинган.

Қайд этилишича, ушбу ҳолат юзасидан тўпланган материаллар 2021 йил феврал ойида Жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди биносида, очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Суд судланувчилар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, ҳукмни эълон қилган. Судланувчиларнинг барчаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан айбли деб топилиб, 1994 йилда туғилган С.М.га 10 йил 6 ой, 1999 йилда туғилган М.Ў.га 11 йил 6 ой, 1993 йилда туғилган И.П.га 11 йил, 1996 йилда туғилган Ш.Ҳ.га 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Top