Маълум қилинишича, «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси С.Ч. жорий йил 10 февралда «Боғишамол» МЧЖ (тадбиркорлик субъектининг номи ўзгартирилган) да ўрганиш ўтказиб, тегишли далолатнома расмийлаштирилган.

Аммо мазкур ўрганиш «Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими»га рўйхатга олинмаган ҳамда айрим текшириш тартибларига риоя қилинмаган ҳолда амалга оширилган.

«Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 39-моддасига кўра, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган барча текширувлари «Текширувларни электрон рўйхатга олиш ягона тизими»да рўйхатга олиниши шарт.

Қайд этилишича, Бизнес-омбудсман девонининг Қашқадарё вилояти ходимлари томонидан мазкур қонунбузилиш ҳолати юзасидан тадбиркорнинг манфаати судда ҳимоя қилинган.

Юқоридагиларга мувофиқ жиноят ишлари бўйича Қарши туман судининг жорий йил 23 июндаги қарори билан «Ҳудудгаз Қашқадарё» газ таъминоти филиали етакчи муҳандиси С.Ч.га нисбатан 2 миллион 450 минг сўм жарима жазоси қўлланилган.