18:00 / 04.07.2021
32399

«Барселона» пул изламоқда, Месси Аргентинани соврин сари олиб бормоқда

Мессининг голи ва икки голли узатмаси Колумбияга қарши кечадиган яримфинал ўйинини кафолатлади.

Фото: Twitter

Америка Кубоги. 1/4 финал
Аргентина — Эквадор — 3:0 (1:0)
Голлар: де Пауль, 40 (1:0). Л.Х.Мартинес, 84 (2:0). Месси, 90+3 (3:0).
Аргентина: Э.Мартинес, Отаменди, Пеццела, Акунья, Молина, Паредес (Ди Мария, 71), де Пауль, Ло Сельсо (Родригес, 71), Месси, Л.Х.Мартинес (Агуэро, 90+4), Гонсалес (Тальяфико, 83).
Эквадор: Галиндес, Арболеда, Эступиньян, Пресиадо, Д.Паласиос (Плата, 46), Хинкапье, Груэсо (Эстрада, 46), Франко (Кайседо, 70), Мендес, Мена (Кампана, 83), Валенсия.
Огоҳлантиришлар: Пресиадо, 20. Франко, 31. Эступиньян, 44. Отаменди, 45+4. Гонсалес, 66.
Четлатиш: Хинкапье, 90+2.
Ҳакам: Перейра Сампайю (Бразилия).
4 июль. Гояния. «Олимпико» стадиони.

Катта маошга чегара муаммоси
Америка Кубоги чорак финалида Месси фаолиятида илк бор расмий ўйинда эркин агент мақомида иштирок этди. Шу билан бирга, ўйиндан олдинги машғулотлар чоғида Лео бутунлай хотиржам ва ғамсиз эканини намойиш этди, чунки чиндан ҳам унинг келажаги номаълум эмас ва бу мавзу матбуотда ёзилаётгани каби долзарб ҳам эмас. «Барселона» раҳбарияти ва унинг асосий юлдузи шартномани янгилаш бўйича ҳамфикр, ҳозирда клуб шу мавзуни ёпиш устида иш олиб бормоқда.

«Бизда молиявий fair play бўйича муаммо мавжуд, биз икки томонни ҳам қаноатлантирувчи ечим топиш жараёнидамиз», — деди кўк-анорранглилар президенти Жоан Лапорта яна бир бор Суперлига шу каби барча муаммоларни ҳал қилишига урғу қаратиб. Айни вақтдаги энг катта тўсиқ — Испанияда маошлар миқдорига чегара белгиланганидир. Бир йил муқаддам каталонияликлар маошлар ведомостини 671 миллион евродан (дунёдаги энг йириги) 348 миллион еврогача туширишга мажбур бўлганди, аммо ҳозирда нафақат Месси учун, балки бошқа янги футболчилар учун ҳам жой бўшатиш зарурати юзага келган.

Ҳозирча Эрик Гарсия, Депай, Эмерсон ва Агуэронинг шартномалари Ла лигада рўйхатдан ўтказилмаган. Лига президенти Ҳавиер Тебас шундай демоқда: «Биз Месси учун ёки Ҳоланд учун қоидалар алоҳида қоидалар қабул қила олмаймиз. Умумий қоидалар қандай бўлса шундай, менежерлар бу ҳақда жуда яхши билишади. «Барса» маошлар фондини қисқартириш ҳаракатида, улар тўғри йўлдан боришмоқда».

Айни вақтда кўк-анорранглилар «Ницца»га 8,5 миллион евро эвазига Тодибони сотишди. Америкалик иқтидор эгаси Конрад де ла Фуэнтенинг «Марсель»га трансфери уч миллион евро келтирди, Франсишку Тринкау бир йилга «Вулверҳэмптон»га ижарага берилди, агар Хуниор Фирпонинг «Лидс»га трансфери амалга ошса, клуб ғазнасига яна 15 миллион келиб тушади. Бундан ташқари, «Барса» Матеус Фернандес билан шартномани бекор қилган, Филиппе Коутиньо, Пьянич, Умтити ва Брэйтуэйт сотувга қўйилиши кутилмоқда. Пьяничга айни пайтда «Ювентус» ва «Интер» даъвогар бўлиб турибди, Умтитининг хизматларига эса собиқ клуби «Лион» ва «Марсель» қизиқиш билдиряпти, Брэйтуэйтни «Валенсия» ўз сафида кўришни истамоқда.

Симулянт Паредес ва жокер Ди Мария
Ўз навбатида, Мессининг булар билан иши йўқ. Лео ўз орзуси учун яна бир курашга чиққан — фаолиятида илк бор миллий жамоа билан совриндор бўлиш. Гуруҳ босқичидаги тўрт ўйинда сардор аргентиналикларнинг голларининг 71 фоизида иштирок этди 3та гол уриб, 2 голга узатма берди. Эквадорга қарши ўйинда ҳам шу ҳолат давом этди - Месси биринчи рақамли скрипкачи бўлди. Аввалига у рақиб ҳимоячисининг қўпол хатосидан фойдалана олмади ва дарвозабон билан яккама-якка вазиятни дарвоза устунини нишонга олиш билан якунлади.

Аммо кейинги ҳужум дарвоза ишғол этилишига олиб келди. Месси ва Де Пауль майдон марказида ҳам, рақиб жарима майдони яқинида ҳам бир-бирига тўп узатиб комбинацияларни бошламоқда, Opta маълумотига кўра, ушбу тандем «альбиселесте»нинг бошқа исталган жуфтлигидан кўра кўпроқ бир-бирини тўп билан таъминламоқда. Уларнинг ўзаро 53-тўп узатиши гол билан якунланди, Лео яна бир бор майдонни қанчалик яхши кўра олишини намойиш этди, бир ҳаракат — ва рақибнинг бутун ҳимояси ишдан чиқди.

Шу билан бирга, «альбиселесте»нинг камчиликлари йўқолиб қолмайди. Биринчидан, Аргентина ҳамон кўплаб вазиятларни кўкка совурмоқда, бу ўйинда Николас Гонсалес бир метр масофадан туриб дарвозани аниқ нишонга ололмади. Иккинчидан, ҳимоя марказида тажрибали футболчилар Отаменди — Пецелла жуфтлиги ҳаракат қилаётган бўлса-да, Лионель Скалони жамоаси орқа чизиқда ишончли кўринмаяпти. Биринчи бўлимда Эннер Валенсия икки марта қанотдан узатилган тўпни дарвоза тўрига жойлаб қўйишига бир неча сантиметрлар етмай қолди. Иккинчи бўлимда эса Эквадор дамбадам фаворитни жарима майдонига қамаб қўя бошлади, Эмилиано Мартинес ўткир бурчакдан йўлланган икки хавфли зарбани тўсиб, жамоани голлардан қутқарди.

Март ойида ЖЧ-2022 саралашида аргентиналикларга икки гол урган Колумбия (2:2) бундай хатоларни кечирмайди. Ҳакам эса Паредеснинг артистлигига бошқача кўз билан қараши ҳам мумкин, у бу ўйинда яна бир хунук ҳаракат қилиб, пенальти сўради. У бунинг учун ўйиндан олинмаган бўлиши мумкин, лекин усиз ҳам Аргентина нафақат устунлигини сақлаб қолди, балки ҳисобни йирик кўринишга келтирди, унинг ўрнига тушган Ди Мария эса сўнгги 20 дақиқаликни ажойиб ўтказди. Аввалига у рақибни тўп йўқотишга мажбур қилди, тўпга эга чиққан Месси Лаутаро Мартинес гол уриши учун шароит яратиб берди. Кейин рақибни жарима майдони чизиғи олдида қўполлик қилишга ва қизил карточка олишга мажбурлади, Месси эса жарима зарбасини яна бир бор голга айлантириб, бутун жамоани жазолади (у турнирда иккинчи бор жаримадан гол урди ва бундай голлари сонини 58тага етказди - энди у Роналдуни бу борада ортда қолдирмоқда).

Уругвай яна яримфиналга чиқа олмади

Уругвай — Колумбия — 0:0. Пенальти — 2:4
Пенальтилар серияси: Сапата — 0:1. Кавани — 1:1. Санчес — 1:2. Хименес — 1:2 (дарвозабон). Мина — 1:3. Суарес — 2:3. Борха — 2:4. Винья — 2:4 (дарвозабон).
Уругвай: Муслера, Годин, Хименес, Винья, Весино, Де Арраскаэта (Торрес, 68), Нандес, Вальверде (Касерес, 80), Бентанкур, Суарес, Кавани.
Колумбия: Оспина, Мина, Санчес, Тесильо, Муньос, Куэльяр, Барриос, Муриэль (Чара, 67), Сапата, Борре (Борха, 87), Диас.
Огоҳлантириш: Годин, 35.
Ҳакам: Хиль Мансано (Испания).
4 июль. Бразилиа. Миллий стадион.

Чоракфиналдаги энг ёрқин афиша томошабоп ўйин кутганларнинг ишончини оқлай олмади. Бу ўйинда дарвозабон Оспина Колумбия термаси тарихида энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланди - 112-ўйинида у дарвоза дахлсизлигини сақлаб қолди.

Умуман олганда, майдонда колумбияликлар фаолроқ бўлишди — ҳолбуки улар ўйиндан олдин асосий ижрочилари Урибе ва Куадрадосиз қолишганди. Ўнг қанотда Куадрадо ўрнига шу ёзда «Ривер Плейт»дан Европага йўл олиши кутилаётган Борре ҳаракат қилди. Аммо у ҳам, унинг шериклари ҳам ўйинда гол ура олишмади, иккинчи бўлимда икки томон ҳам жонланди, сўнгги 15 дақиқаликда Уругвай кўпроқ ҳужум қилди (ўйиннинг шу қисмигача 1та зарба берилган бўлса, шу қисмида зарбалар сони 3та бўлди).

Аммо томонлар эҳтиёткорликни ҳам унутишмади ва ўйинни пенальтилар сериясига олиб боришди. Америка Кубогида ўйиннинг асосий бўлимларидан кейин овертаймлар йўқ ва дарҳол пенальтилар тепилади. Оспина икки марта 11 метрлик зарбани қайтарди ва ўзининг кичик байрамини бутун мамлакат байрамига айлантирди. Рейнальдо Руэда бош мураббийликка қайтганидан бери Колумбия яна кучли ўйин кўрсата бошлади, Уругвай эса Оскар Табарес билан 10 йил олдин тарихида 15-марта Америка чемпиони бўлганидан буён тўртталикка кира олмаяпти.

Бразилия ўн киши бўлиб яримфиналга чиқди: Жезус рақиб бошини узиб юборишига бир бахя қолди

Бразилия — Чили — 1:0 (0:0)
Гол: Лукас Пакета, 46.
Бразилия: Эдерсон, Тиагу Силва, Данилу, Маркиньюс, Лоди (Эдер Милитау, 90+1), Каземиру, Фред, Неймар, Роберту Фирмину (Лукас Пакета, 46), Габриэл Жезус, Ришарлисон (Эвертон, 90+1).
Чили: Браво, Исла, Медель, Мена, Сьерральта, Вегас (Паласиос, 64), Видаль, Арангис (Марипан, 88), Пульгар (Менесес, 76), Санчес (Бреретон, 46), Варгас.
Огоҳлантиришлар: Сьерральта, 58. Паласиос, 76. Эдерсон, 81. Видаль, 88.
Четлатиш: Габриэл Жезус, 48.
3 июль. Рио-де-Жанейро. «Нилтон Сантос» стадиони.

Бразиллар бу сафарги турнирда яққол пешқадам кўринишмаяпти. Гуруҳ босқичи охирида Эквадорга қарши дурангли ўйиндан кейин, бу ўйинда ҳам муаммолар кузатилди. Ўйин бошида мезбонлар иккита қулай вазиятдан фойдалана олишмади, Роберту Фирмину Неймарнинг узатмасини кўкка совурди, Габриэл Жезус тўпни дарвоза тўсини устидан ошириб тепди. Чилиликларда ҳам ишлар жойида эмас, аввалига бутун турнирни ўтказиб юбориши кутилган Алексис Санчес сафга қайтгани ҳам ўзгариш ясай олмади.

Мартин Ласарте уни майдонга тушириб хато қилди, «Интер» форварди ҳали оптимал формасига қайтгани йўқ, шу туфайли Санчес танаффусда алмаштирилди. Бундан ташқари, Алексисни стартда тушириш учун Бреретонни захирада қолдиришга тўғри келганди, келиб чиқишига кўра англиялик бўлган бу футболчи гуруҳ босқичида турнир кашфиётларидан бирига айланганди. Агар чилиликлар биринчи бўлимдан кейин мажбурий алмаштириш қилган бўлса, бразиллар устози Тите тактикани ўзгартирди, Лукас Пакета Фирмину ўрнига тушди ва тўпга илк тегинишларидаёқ ҳисобни очди.

Икки дақиқа ўтиб Жезус ўз жамоасига муаммо ўйлаб топди. Ёки у қаршисидан келаётган рақибни кўрмади, ёки «Манчестер Сити» форварди ақлдан озган, аммо факт фактлигича қолади: бразилиялик футболчи шарқ яккакурашига хос тарзда сакраб, Мененинг бошини узиб юборишига бир бахя қолди. Яхшики, унинг оёғи бироз ёндан кучсизроқ борди ва жабрланувчини майдондан замбилда олиб кетишга тўғри келмади, аммо қизил карточка кўрсатилиши муқаррар эди.

Тите бошқаруви давридаги 59 ўйинда пентакампеонлардан фақат Жезусни майдондан четлатишган, форвард 2019 йилги Америка Кубоги финалида ҳам ўйин охиригача майдонда қололмаганди.

Бразиллар бахтига ўйин охиригача ҳисоб сақланиб қолди. Офсайд туфайли Варгаснинг голи бекор қилинди, чиликларнинг ҳужумларидан бири вақтида Эдерсонни голдан дарвоза тўсини қутқариб қолди, аммо амалдаги чемпионлар бошқа жиддий муаммога дуч келишмади. Олдинда уларни 2019 йилги финал ремейки кутмоқда ва Бразилия бу ўйинда бошқачароқ ўйнаши керак. Акс ҳолда титулни ҳимоя қилиш фиаско билан тугаши мумкин.

«Инклар»нинг ақл бовар қилмас ғалабаси

Перу — Парагвай — 3:3 (2:1). Пенальти — 4:3
Голлар: Гомес, 11 (0:1). Лападула, 21 (1:1). Лападула, 40 (2:1). Алонсо, 54 (2:2). Йотун, 80 (3:2). Авалос, 90 (3:3).
Пенальтилар серияси: Ан.Ромеро — 0:1. Лападула — 1:1. Алонсо — 1:2. Йотун — 2:2. Мартинес — 2:2 (хато). Орменьо — 2:2 (дарвозабон). Самудио — 2:2 (хато). Тапия — 3:2. Пирис — 3:3. Куэва — 3:3 (дарвозабон). Эспинола — 3:3 (дарвозабон). Трауко — 4:3.
Перу: Гальесе, Рамос, Корсо (Лора, 90), Трауко, Сантамария, Куэва, Йотун, Каррильо, Тапия, Пенья (Орменьо, 60), Лападула.
Парагвай: Сильва, Гомес, Алонсо, Арсамендия (Авалос, 83), Эспинола, Мартинес, Кардосо Лусена (Рохас, 46), Санчес (Энкисо, 83), Вильясанти (Пирис, 79), Ан.Ромеро, Гонсалес (Самудио, 68).
Огоҳлантиришлар: Сантамария, 15. Гомес, 42. Вильясанти, 49. Куэва, 60. Каррильо, 75. Эспинола, 87.
Четлатиш: Гомес, 45. Каррильо, 85.
2 июль. Гояния. «Олимпико» стадиони.

Чоракфиналдаги энг камтар жуфтлик эса ақл бовар қилмас интрига ва сценарий тақдим этди. Турнир плей-оффида бундай голларга бой дуранг ҳисоб 1999 йилдан буён кузатилмаганди, ўшанда ҳам перуликлар Мексика билан шундай натижа қайд этишганди. Бу ўйинда жамоалар 6 голни 90 дақиқада уришди, ҳозирда Америка Кубогида финал баҳсигача қўшимча овертаймлар назарда тутилмаган.

Бу ўйин учун икки жамоа ҳам олқишларга муносиб. Парагвайликларга қийинроқ бўлди, чунки улар гуруҳ ўйинларида асосий етакчиси Альмиронни йўқотганди, ўйиннинг биринчи бўлимида эса яна бир етакчи сафдан чиқди, ҳисобни очувчи гол муаллифи бўлган Гомес танаффус арафасида қизил карточка олиб майдонни тарк этди, аммо қизил-оқлар ўйин давомида икки марта ҳисобни тенглаштиришга эришишди. Бунга ўйин охирида перуликлар сафида Каррильо ҳам четлатилиши сабаб бўлди, 90-дақиқада таблода иккита 3 рақми порлай бошлади.

Аммо пенальтилар сериясида Парагвай учта хатога йўл қўйди ва ўн йил олдинги турнирда қаторасига тўрт бор 11 метрлик зарбани голга айлантира олмаган бразиллар антирекордини такрорлашга яқин келди. Перуда эса икки қаҳрамон бор. Биринчиси, ўйинда дубль қилган, асли келиб чиқиши италиялик бўлган Лападула. Иккинчиси, бош мураббий Рикардо Гарека. 2018 йилда у «инклар»ни Россиядаги жаҳон чемпионатига олиб борган, бир йил ўтиб жамоа билан қитъа биринчилиги финалига чиққан. Аргентиналик ушбу мутахассис катта авторитет, у ЖЧ-2022 саралашидаги илк ғалабага фақат олтинчи турга келиб эришганда ҳам лавозимини сақлаб қолди. Энди уни Перу тарихидаги рекорд кутмоқда — Америка Кубогида учинчи марта яримфинал.

Яримфинал жуфтликлари:
6 июль. Бразилия — Перу (4:00)
7 июль. Аргентина — Колумбия (6:00)

Top