Давлат бюджети харажатлари оширилади
Давлат бюджети харажатлари 13,1 триллион сўмга оширилади. Туризм объектлари атрофидаги ер майдонлари, сув ва йўл инфратузилмаларини яхшилаш учун кўпроқ маблағ ажратилади. Шунингдек, олий ўқув муассасаларига давлат грантида қабул кўрсаткичларини 25 фоизга ошириш учун ҳам пул ажратилиши кўзда тутилмоқда.
1 июлдан тадбиркорларга бир қатор имтиёзлар берилади
- 2021 йил 1 июлдан 2024 йил 1 июлгача асосий фаолияти паррандачилик бўлган тадбиркорларга фойда солиғи (тижорат банкларида жойлаштирилган маблағлардан олинган фоизлардан ташқари), мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаси 50 фоиз миқдорида қўлланади;
- Оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш ва уларнинг ривожланиши учун имтиёзлар берилади;
- ҚҚС тўловчиси бўлган чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига субсидиялар берилади.
2021 йилда Ўзбекистон иқтисодиёти 5,6 фоизга ўсиши прогноз қилинди
Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиёти 2021 йилда 5,6 фоиз, 2022 йилда эса 6 фоизга ўсишини прогноз қилди.
Халқаро экспертларга кўра, Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқлари — хизматлар, саноат, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги — 2021 йилда ўсишга эришади.
Хитой Ўзбекистон экспортида етакчилик қилмоқда
Давлат статистика қўмитаси 2021 йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистон экспортида юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар ўнлигини эълон қилди.
Унга кўра, 835,4 млн долларлик экспорт билан Хитой биринчи поғонани эгаллаган. Шунингдек, Туркия (694,1 млн) ва Россия (658,6 млн) рўйхатнинг иккинчи ва учинчи ўринларини банд қилган.














