Ўзбекистон | 17:34 / 26.07.2021
19066
3 дақиқада ўқилади

“Яшаб турган ҳудудингизда қандай муаммо бор? “Очиқ бюджет” порталида ёзиб қолдиринг” — молия вазири чақириғи

Ўзбекистон молия вазири Тимур Ишметов аҳолини “Очиқ бюджет” порталида ўз ҳудудидаги муаммоларни ёзиб қолдириб, бюджет маблағларини тақсимлашда фаол бўлишга чақирди.

1 августгача Республикадаги барча туман ва шаҳарлар аҳолиси ўз ҳудудидаги йўл ёки бинолар таъмири, ичимлик суви ва ёритиш тизимлари билан боғлиқ муаммоларни “Очиқ бюджет” порталига ёзиб қолдириши мумкин.

Таклифлар орасидан танланган лойиҳалар маҳаллий бюджет даромад ва харажатларининг маълум қисмидан молиялаштирилади.

Молия вазири Тимур Ишметов Twitter'даги саҳифасида аҳолини бу борада фаолликка чақирди.

“Янги талқиндаги “Очиқ бюджет” портали маблағларнинг сарфланиши устидан нафақат парламент ва жамоатчилик назоратини, балки фуқаролар бюджет маблағларининг ишлатилишидаги иштирокини оширишга хизмат қилади.

Фуқароларнинг жамиятимиз учун ҳудудлардаги хайрли ва долзарб масалаларни ҳал этишга қаратилган ташаббусларини қўллаб-қувватлашда ушбу портал муносиб хизмат қилади, деб умид қиламиз”, – деб ёзди вазир.

Шунингдек, Ишметов ҳозиргача 8 мингдан зиёд ташаббуслар келиб тушгани, бу таклифлар ҳар бир фуқаронинг яшаш ҳудудидаги муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беришини айтади:

“Яшаб турган шаҳрингиз ёки маҳаллангизни ободонлаштириш бўйича қандай таклифларингиз бор? Фикрларингизни дўстларингиз ва қўшниларингиз қўллаб-қувватлайдими? Лойиҳангизни “Ташаббусли бюджет” орқали амалга оширинг.

Ҳозирда порталга 8 мингдан зиёд ташаббуслар келиб тушган. “Ташаббусли бюджет” фуқароларга ўзи истиқомат қилаётган ҳудудлардаги мавжуд қийин масалаларни ҳал этиш имкониятини тақдим этади.

Бунинг учун 157 млрд сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган бўлиб, ечим топиш мумкин бўлган вазиятларда сизнинг овоз ва таклифларингиз муҳимдир”, – дейди МВ раҳбари.

Вазир Сирдарё вилоятидан келиб тушган ташаббус туфайли, аҳолининг сув муаммосини ҳал этиш учун маблағ ажратилганига тўхталди.

“Бир мисол билан бўлишсам, Сирдарё вилояти, Гулистон тумани, Дўстлик маҳалласи аҳолиси сувсизликдан қийналар эди. Маҳалла фаоллари “Очиқ бюджет” порталига ўз ташаббусларини ёзиб қолдирдилар ва ушбу таклиф энг кўп овоз тўплади. Давлат бюджетидан ажратилган маблағ эвазига сув таъминоти йўлга қўйилди.

Шундай хайрли ташаббусларда фаол бўлинг, очиқ бюджет сари ташаббусингиз сабаб атрофимизда эсда қоларли ва барча учун фойдали лойиҳалар билан из қолдириш имконини бой берманг”, – дея сўзларини якунлайди Тимур Ишметов.

Эслатиб ўтамиз, июлнинг биринчи ўн кунлигида Молия вазирлиги янгиланган “Очиқ бюджет” ахборот порталини ишга туширди. Бу орқали ҳудудлардаги муаммо ва камчиликлар бевосита ҳудуд аҳолисининг талаби билан бартараф этилади.

Мавзуга оид