Forbes.kz нашри Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри Олмаотанинг демографик ўсиши ва унинг оқибатлари ҳақида материал тайёрлади. Унда кўтарилган масалалар биздаги йирик шаҳарларга ҳам оид бўлиши мумкин – икки давлат шаҳарлари орасида ўхшашлик бор.

Мутахассислар Қозоғистоннинг энг йирик шаҳри муаммолари ва уларнинг ечимларини санади.

2021 йилнинг июлида Олмаота шаҳри аҳолиси расман 2 миллиондан ошди (солиштириш учун Тошкентнинг доимий аҳолиси 2019 йилда 2 миллион 510 минг кишини ташкил этган. Маълумот икки йилдан бери янгиланмаган. Изоҳ таҳририятники). Бу расмий рақам холос. Зеро, 2019 йилнинг октябрида Олмаота шаҳар ҳокими Бокаитжон Сагинтаев атрофларни қўшиб ҳисоблаганда шаҳар аҳолиси 3 миллионга яқинлашгани, 2030 йилга бориб 5 миллионга етишини айтганди.

“Дунёнинг бошқа мегаполислари каби, бизнинг олдимизда ҳам юқори яшаш стандартлари учун ресурс танқислиги, экологияни яхшилаш ва хавфсизликни ошириш билан боғлиқ долзарб муаммоларни ҳал қилиш, ижтимоий, муҳандислик ва транспорт инфратузилмани ривожлантириш каби масалалар пайдо бўлади”, деганди у.

Жадаллик билан ривожланаётган мегаполиснинг айнан қайси муаммоларини биринчи навбатда ҳал қилиш даркор? Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ) мутахассисларининг фикрича, булар жамоат транспорти ва турар жой бозори. Жамоат транспорти муаммоси туфайли шаҳар ташқарисида яшайдиган аҳоли шахсий автомобилларга боғланиб қолишга мажбур ҳамда тиқинларга сабаб бўлади ва “шаҳар марказининг самарадорлигига путур етказади”. Турар жой масаласига эса, гарчи турар жой фонди яхши кўрсаткичларга эга бўлса-да, сон ва сифат етишмайди. ИҲТТ тадқиқотларига кўра, Қозоғистондаги турар жойларнинг 97 фоизи ижарага берилмайди, ваҳоланки, Евроиттифоқда турар жойларнинг учдан бири ижарага берилади.

“Уй-жой мавзуси”нинг нақадар долзарблигини олмаоталик Аяла Жамбил воқеаси ҳам кўрсатиб беради. У полиция патрули оиласида олтинчи қиз. “Оиламиз ўғил ва шахсий квартира орзусида. Ҳозирда ушбу катта оила навбатнинг 2050-ўрнида ва ота-онамиз билан истиқомат қиламиз”, деб ҳикоя қилишади Аяланинг ота-онаси.