«Толибон» Панжшерни — Афғонистондаги толибларга таслим бўлмай келган сўнгги ҳудудни эгаллади. Баланд тоғлар қуршовидаги Панжшер водийси марказини эгаллаш учун уч кун жанг олиб борилди. Шундай экан, расман афғон қаршилик ҳаракати тугалланди, унинг етакчилари ҳали мустаҳкамланиб олмаган толиблар ҳокимиятини ағдариб, Афғонистонда демократик бошқарувни тиклашни режалаштирганди. «Медуза» бу кураш тарихини қисқача ҳикоя қилди ва бундай буёғига нима бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Қаршилик ҳаракати етакчилари нимага умид қилишганди?
15 август куни Кобул таслим бўлгач, толиблар назоратига ўтмаган биргина ҳудуд қолди - Панжшер Афғонистоннинг 34 вилоятидан бири бўлиб унга Бағлон вилояти туманлари чегарадош. Мамлакат шимоли-шарқидаги бу ҳудудда асосан этник тожиклар яшайди (Афғонистон аҳолисининг тўртдан бир қисмини тожиклар ташкил этади).

1975 йилдан буён Панжшер ва унинг атрофидаги ҳудудларда ҳарбийлашган миллий-диний ҳаракат шаклланган, бу ҳаракат кенг мухторият учун интилган ва бу Афғонистон сиёсатига таъсир кўрсатган. Аввалига ҳаракатга панжшерлик Аҳмад Шоҳ Масъуд раҳбарлик қилган. 1980-йилларда у энг машҳур афғон дала қўмондонига айланади. Масъуд бир неча минг кишилик жангчиси билан Афғонистоннинг коммунистик ҳукуматига ва совет ҳарбийларига қарши туради. Советлар кетиб, 1992 йилда коммунистик ҳукумат қулаганидан кейин — Афғонистондаги фуқаролик уруши вақтида бошқа дала қўмондонлари билан кураш кечади.

Аҳмад шоҳ Масъуд 90-йиллар ўрталарига келиб мамлакат жанубида этник пуштунлар томонидан радикал ғояларга асосланиб тузилган «Толибон» ҳаракатининг ҳам асосий душмани бўлади. Толиблар ҳаракати дала қўмондонлари зулмидан тўйган Афғонистоннинг аксар аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланиб, толиблар 1996 йилда Кобулни эгаллаб ҳокимиятга келади, лекин улар Панжшерни олишнинг уддасидан чиқа олишмайди.

2001 йил 9 сентябрида Масъуд ундан интервью олиш ниятидаги журналист қиёфасида келган террорчи худкуш томонидан ўлдирилади. Маълумотларга кўра, видеокамерасига бомба ўрнатилган қотилларни Усама Бин Лодин жўнатган. Бир неча ҳафта ўтиб — АҚШдаги 11 сентябрь терактларидан кейин — Афғонистонга америкалик ҳарбийлар киришади. Уларни Масъуднинг сафдошларидан иборат «Шимолий алянс» қўллаб-қувватлайди.

2021 йилда америкалик ҳарбийлар олиб кетилгач толиблар тезлик билан мамлакатнинг Панжшердан бошқа барча вилоятларини эгаллашади. 15 август куни Кобул толиблар қўлига ўтгач Панжшерга Аҳмад Масъуд (Шоҳ Масуднинг ўғли, бунгача Ғарбда яшаган) ва Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ (Шоҳ Масъуднинг собиқ сафдоши) келади. Улар 1980 ва 1990-йиллардаги каби Панжшер водийсини таслим бўлмас қалъага айлантириш, кейин қаршилик ҳаракатини бутун Афғонистонга ёйиш мақсадларини айтишади.