Йил охирламоқда ҳамки давлат дастури ижросидан дарак йўқ. АОКА эса сукутни афзал билмоқда
2021 йилги давлат дастурида Сўз эркинлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни кучайтиришга оид президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланганди. Май ойида тайёр бўлиши керак бўлган қарор лойиҳасидан эса ҳамон дарак йўқ.
Президент Шавкат Мирзиёев 9 сентябр куни бўлиб ўтган ЎзЛиДеП қурултойида журналистлар ҳамиша президент ҳимоясида бўлишини маълум қилди.
«Оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш давом эттирилиб, журналистларнинг эркин фаолият юритишлари учун зарур шарт-шароитлар яратилади. Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари, деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади. Бу фикрни бугун яна бир бор таъкидлайман», — деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг бу сўзлари йил дастурига алоҳида банд бўлиб кириб, аллақачон ижро этилиши лозим бўлган, аммо ўта сирли тарзда эътиборсиз қолдирилаётган масалани яна кун тартибига чиқарди.
«Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурининг 17-бандида сўз эркинлигини таъминлаш ва оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш учун ҳуқуқий асосларни янада кучайтиришга оид президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиши белгиланганди.
Мамлакатдаги ислоҳотларнинг асосий йўл харитаси ҳисобланган давлат дастурига кўра қабул қилиниши керак бўлган президент қарорида ОAВнинг мустақил фаолият юритишини қўллаб-қувватлаш, журналист ва блогерлар эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, AОКA фаолиятини қайта кўриб чиқиш каби масалалар ўрин олиши кўзда тутилганди.
Бироқ...
2021 йил май ойигача ишлаб чиқилиши лозим бўлган қарор лойиҳасидан дарак бўлавермагач Kun.uz бу масалага эътибор қаратган эди.
Қарор лойиҳаси ишлаб чиқилгани ва келишув жараёнида экани ҳақида айтган АОКА вакили лойиҳада оммавий ахборот воситаларига бир қанча имтиёз ва преференциялар ҳамда ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятига ўзгаришлар киритилаётганини маълум қилганди ўшанда.
1 май ўтиб бўлганига ҳам мана 4 ойдан ошди.
«Тасдиқланадими, йўқми, биз билмаймиз» – AОКA
Kun.uz май ойида дараги берилган Президент қарори лойиҳасининг тақдири нима бўлгани хусусида AОКAга қайта мурожаат қилди. Қарор лойиҳаси ҳамон идоралараро келишиш жараёнда эканлигини айтган масъул «Тасдиқланадими, йўқми, биз билмаймиз», — дея сўзини қисқа қилди.
Давлат раҳбарининг ўзи журналистлар Президент ҳимоясида эканлигини қайта ва қайта таъкидламоқда. Ҳатто бунинг ҳуқуқий асосларини яратиш лозимлиги Фармон билан белгилаб қўйилди. Натижадан эса дарак йўқ.
Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирлар йил тугай деб қолганида ҳам амалга ошмаса, бу Президентнинг ҳозирги сиёсати ва мавқейига путур етказмай қолмайди. Масъул ташкилотлар эса «жараёнда», «биз билмаймиз», «бўлиб қолар» каби қолиплардан воз кечиб, белгиланган дастур асосида ишласалар, бажараётган амаллари олиб борилаётган ислоҳотларга ҳамоҳанг бўлар эди.
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024
Ёш журналистлар жамият учун нега муҳим? Америкалик мактаб ўқувчисининг мулоҳазалари
20:01 / 26.06.2024