ДХХ ходимлари касб байрами 5 апрелдан 26 сентябрь санасига ўзгариши кутилаётгани шу йилнинг 24 август куни бўлиб ўтган Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси йиғилишида маълум қилинган эди.
Ушбу йиғилишда сўзга чиққан сенатор Толибжон Умаров 2018 йилда белгиланган ДХХ ходимлари куни аввалги санага қайтарилишининг аҳамиятини хавфсизлик хизматининг юбилейини ўтказишда қийинчиликлар юзага келаётгани, мана шу нарса ҳисобга олиниб, касб байрами санаси ўзгартирилиши бўйича махсус бир топшириқ берилгани билан изоҳлаганди. Бироқ у топшириқ ким ёки қайси орган томонидан берилганига аниқлик киритмаган.
“Ўзи асли 2018 йилда қабул қилинган қонун билан ДХХ ходимлари куни 5 апрель этиб белгиланган эди. Тажриба шуни кўрсатдики, ДХХ ходимлари куни аслида Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 сентябрдаги фармонига бориб тақалади. Мана шундан бери 26 сентябрь хавфсизлик хизмати ходимларининг куни сифатида нишонланиб келган.
2018 йил 5 апрель куни «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида»ги қонун қабул қилинганини инобатга олиб, 2018 йилнинг 2 октябрида «Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ 5 апрель ДХХ ходимлари байрами деб эълон қилинганди.
Мазкур қонун бугунги кунда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари иш юритувида айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. 2019 йилгача ДХХ ходимлари куни 26 сентябрда нишонлаб келинган. Шу санада хизматнинг 10, 20, 25 йиллик юбилейлари ўтказилган. Мана шу нарса ҳисобга олиниб, махсус бир топшириқ берилдики, ДХХ ходимлари кунини олдинги ҳолатга қайтариш масаласи бўйича. Шунда бевосита 2021 йил 26 сентябрда уларнинг 30 йиллиги нишонланади”, дея Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаровнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати: ислоҳот сабаблари
Сенатор байрамларни кўчириш қонунчилик амалиётида учрайдиган ҳолат экани, жумладан, 1993 йилдаги қонун билан халқ таълими ходимларининг куни белгилангани, бироқ 1996 йилда қонунга ўзгартириш киритилиб, ўқитувчи ва мураббийлар куни 1 октябрга кўчирилганини таъкидлаган.

















