Афғонистонда янги ҳокимият олдида жамиятни жипслаштиришдан тортиб барча этносиёсий гуруҳларни ўз ичига олган лаёқатли ҳукуматни шакллантиришгача босиб ўтилиши керак бўлган мураккаб йўл турибди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Шанхай ҳамкорлик ташкилоти – Коллектив хавфсизлик тўғрисидаги шартнома ташкилоти” форматидаги учрашувдаги нутқида маълум қилди.

“Афғонистондаги барчамизни ташвишлантираётган вазият мени ҳам хавотирга солмоқда. Ҳақиқатдан ҳам, бугун ушбу мамлакатда мутлақо янги воқелик қарор топди – жуда қисқа вақтда “Толибон” ҳаракати деярли бутун ҳокимиятни ўз қўлида жамлади. Янги ҳокимият олдида жамиятни жипслаштиришдан тортиб барча этносиёсий гуруҳларни ўз ичига олган лаёқатли ҳукуматни шакллантиришгача босиб ўтилиши керак бўлган мураккаб йўл турибди. Моҳиятан, вазиятни барқарорлаштириш истиқболлари, афғон давлатчилигининг тикланиши ва, умуман, халқаро ҳамжамият билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорликнинг ривожланиши шунга боғлиқ бўлади”, деди Ўзбекистон президенти.

Қайд этилишича, ҳозирги шароитда мамлакат фуқаролик уруши ва гуманитар инқироз домида қолиб кетган, халқаро ҳамжамиятдан яккаланиб қолган, унинг ҳудуди эса халқаро террорчилик ва наркотиклар ишлаб чиқариш “хаби”га айланган давр - тўқсонинчи йиллардаги ҳолатига яна қайтиб қолмаслигига қатъий кафолатлар йўқ.

“Энг яқин қўшни сифатида биз ўша йиллардаги шундай хавф-хатар ва таҳдидларга бевосита дуч келганмиз ҳамда Афғонистондаги вазият шу сценарий асосида ривожланиши эҳтимолининг барча салбий оқибатларини аниқ-равшан англаб турибмиз.

Шу муносабат билан Афғонистон бўйича ҳамкорликнинг асосий жиҳатлари борасидаги нуқтаи назаримиз билан бўлишмоқчиман.

Биринчи. Афғонистон ҳудуди хавфсизлигимизга таҳдид ва хатарлар манбаи бўлиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу борада сўз юритганда, энг аввало, экстремизмнинг ортиши ва радикал мафкуранинг экспортини, Афғонистон ҳудудидан мамлакатларимизга қарши қўпорувчи ҳаракатлар учун фойдаланишни, жангариларнинг чегараларни бузиб ўтиш хавфини назарда тутяпман.

Умумий саъй-ҳаракатлар билан, қатъий чоралар кўрган ҳолда, биргаликда террорчиларни “қайноқ нуқталар”дан Афғонистонга кўчириш каналларини кесиш муҳимдир. Шу муносабат билан ШҲТ МАТТ Ижроқўми ва КХШТ Котибияти, шунингдек, давлатларимиз махсус хизматлари йўналишида амалий ҳамкорликни кенгайтириш тарафдоримиз.