«2 мингдан ортиқ масжидларимизда айтилаётган азонлар – бунга муштоқ бўлган инсонларнинг қалбларига малҳам, уларнинг дилларини қувнатувчи нур бўлиб кирмоқда. Бу ҳам Аллоҳ таолонинг мўминларга улкан бир неъматидир. Гўзал масжидларимиз инсонларнинг тафаккурига яхши таъсир қилади, одамлар у ердан ибрат ва намуна олади. Бундан ташқари, масжидлар шаҳарларнинг кўркидир», – дейди Саҳобиддин домла.

Шавкат Мирзиёев марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг меҳнатларини эътироф этиб, Тошкент шаҳрида унинг номида катта масжид қурилишига ташаббускор бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад асос солган «Ҳилол нашр» нашриётида эса Ўзбекистонда тарихида илк бор Мусҳафи шариф – Қуръони Карим чоп қилиш бошланди.
2018 йилда президент ташаббуси билан туман, вилоят ва республика босқичларида Қуръон мусобақаси ўтказилди.
«Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Агар сизлар Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилсангиз, уни мен зиёда қиламан» (Иброҳим сураси, 7-оят) – дея марҳамат қилади. Халқимиз шукр ва дуода бўлди, натижада 2018 йил жуда юқори савияда республика миқёсида «Қуръони Карим - 2018» мусобақаси ҳамда «Ҳадис илми», «Араб тили билимдони» мусобақалари ташкил қилинди. Республика миқёсида олий ўрин олган Қуръон ҳофизлари «Президент совғаси» билан тақдирланди.
Бундан ташқари, ҳозирги кунда 17 мингдан ортиқ юртдошларимиз «Қуръон ва тажвид» курсларида ўқимоқда», дейди домла.
Шунингдек, Тошкентда президент ташаббуси билан Ислом илмларининг ривожланиши ва бой тарихий меросимизни ўрганишга мўлжалланган Ислом цивилизация маркази қурилмоқда















