Навоий шаҳрида катта можарога сабаб бўлган 60 квартирали турар жой ҳақида бир неча бор репортаж тайёрлагандик. Ушбу можаро сабаб ўз маблағига 60 та хонадон сотиб олган аҳоли уйидан ҳам, тўлаган маблағидан ҳам ажралиб қолишига бир бахя қолганди ўшанда. Энди эса Кармана туманида ҳокимликнинг қарори туфайли уйлари бузилган 16 та оила қарийб 3 йилдан буён ижарада яшашга мажбур бўлмоқда.

2019 йил баҳорда Навоий шаҳрига туташ бўлган Кармана тумани марказида бунёдкорлик ишлари бошланди. Хусусан, бир нечта ташкилотларнинг маъмурий биноси жойлашган Мир Сайид Баҳром маҳалласидаги марказий кўчани тўлиқ ободонлаштиришга киришилди. Шу жараёнда мазкур кўчада жойлашган икки қаватли, 16 хўжалик истиқомат қиладиган икки қаватли уй туман ҳокими Фахриддин Умаров қарори асосида ўрнида 5 қаватли уй қуриш учун бузиб ташланди.

Ҳокимнинг қарорга кўра, бузилган уйлар ўрни биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари бўлган 5 қаватли уй қуриш учун «Osiyo Yugra» хусусий корхонасига ажратиб берилган. Шунингдек, бузилган уйларда истиқомат қилиб келган 16 оилага қурилиши кўзда тутилган кўп қаватли уйдан хонадон ажратиб бериш режалаштирилган. Қарорда уй-жой эгаларига 2019 йилнинг 25 апрел кунидан кечиктирмасдан бинони бўшатиб бериш тавсия қилинганини ҳамда кўп қаватли уйни қуриш 2020 йилнинг 1 сентябр кунига қадар амалга оширилиши белгиланганини ўқиш мумкин.

Фуқаролар ҳокимнинг қарори ва қурувчининг ваъдаларига ишониб, уй-жойларини бўшатиб берган. Бузиш ишлари-ку тезда амалга оширилган, бироқ қуриш аччиқ ичакдек чўзилиб кетган. Мана, қарийб 3 йилдирки, 16 оила ижарама-ижара сарсон.

«Osiyo Yugra» хусусий корхонаси 2019 йилнинг 3 май куни оилалар билан келишув шартномаси тузган. Унга кўра, кўп қаватли уй 2020 йилнинг 1 сентябр куни битказилиб, хонадонлар тайёр ҳолатда уйлари бузилган оилаларга тақдим этилиши керак эди. Ушбу муддат ўтиб кетгач, 2020 йил 22 ноябр куни фуқаролар билан иккинчи бор шартнома тузилади ва унда «ишнинг битиши» 2021 йилнинг 1 июн кунига қадар қилиб белгиланади. Лекин ушбу муддатда ҳам «дом» битмайди.