Судялар олий кенгаши ташкил этилганига 4 йилдан ошди. Айтиш жоизки, шу вақт мобайнида Кенгаш ўз фаолиятида сезиларли ўзгаришларга эришди. Хусусан, судяларнинг лавозимга тайинланиши ёпиқ эшиклар ортидан интернетга кўчгани, ОАВ учун тез-тез матбуот анжуманлари ташкил этаётгани эътирофга лойиқ.

Бироқ, айрим масалалар бўйича тутаётган йўли Кенгашнинг холислигига шубҳа туғдирмоқда. Хусусан, Кенгаш айрим ҳолларда судялар хатти-ҳаракатларига тегишли баҳони берувчи эмас, балки адвокат позициясини маъқул кўрмоқда.

Қуйидаги бир қатор ҳолатлар мисолида фикримизни асослашга ҳаракат қилиб кўрамиз.

Судялар жиноятини бошқа манбалардан билиб оламиз

Жамоатчилик судяларнинг жиноят содир этганлиги ҳақидаги хабарни суд органларидан эмас, балки бошқа манбалардан билиб олади. Биргина мисолТошкент шаҳар маъмурий суди судялари ва ёрдамчиларининг давлат маблағларини талон-торож қилиш билан боғлиқ жинояти 2020 йил ёзида содир этилган бўлса-да, 2020 йил декабрида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги маълум қилмагунича жамоатчилик бундан бехабар бўлиб келган.

Кенгаш бундай ҳолатларда “тергов сири ва айбсизлик презумпцияси”ни рўкач қилиш орқали тизим обрўсини сунъий равишда сақлашга ҳаракат қилади. Бироқ, бу жамоатчилик ва фуқароларнинг тизимга нисбатан ишончи йўқолишига сабаб бўлади.

Жиноий у ёқда турсин, интизомий жавобгарликка тортилганлар ҳам сир сақланади

Кенгаш доимий равишда интизомий жавобгарликка тортилганлар сонини (!) маълум қилиб боради. Аммо, интизомий жавобгарликка тортилганларнинг шахси ва уларнинг қайси ҳаракати учун жавобгарликка тортилгани ошкор қилинмайди. Буни Кенгаш судяларга босим ва бошқача салбий муносабат қилинишининг олдини олиш мақсади билан изоҳлаб келади.

Ваҳоланки, судга иши тушган фуқаро тақдирини ким ҳал қилаётганини билишга ҳақли эмасми?

Интизомий жазога тортилган судяларнинг шахси нега сир тутилмоқда? Судялар олий кенгашининг жавоби асосли эмас