Жисмоний имкониятлари чекланган болалар ҳам бошқалар қатори таълим олишга ва мавжуд имкониятлардан фойдаланишга ҳақли. Уларнинг илм олиб, касб-ҳунар ўрганиши, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетиши эса бир касб эгаларининг саъй-ҳаракатлари ва машаққатли меҳнатига боғлиқ. Улар устоз ва мураббийлар. Навоий вилояти Кармана туманидаги 25-махсус мактаб-интернатида бўлиб, айнан мана шундай фидокор устозлар фаолияти билан танишдик.

Махсус мактаб-интернатдаги дарс жараёнлари оддий мактабларникидан фарқ қилади, чунки бу ерда эшитиш қобилиятида нуқсони бор болалар таълим олади. Уларга таълим бериш, нутқини ривожлантириш эса ўқитувчилардан алоҳида масъулият ва маҳорат талаб қилади.

Синф хоналарида кўпи билан 12 нафар ўқувчи бўлади. Парталар ҳам кетма-кетлик билан эмас, барча ўқувчи устозининг юзини бир хилда кўра олиши учун ноодатий тарзда қўйилган. Чунки ўқитувчи дарсни болаларга кўпроқ қўл ва лаб ҳаракатлари орқали тушунтиради. Эшитиш қобилияти суст ёки умуман бўлмаган болалар ҳар бир мавзуни аввало кўриш орқали тушунади. Бу жараёнда дарсни ўқувчига тушунтириш педагог учун ҳам осон эмас.

Мактаб-интернатда қарийб 35 йилдан буён дарс бериб келаётган бошланғич синф ўқитувчиси Дилрабо Сафоеванинг таъкидлашича, таълим масканига қабул қилинган болалар ўқиш ва ёзишни билмаган ҳолда келишади.

«Уларнинг саводини чиқаришни аввало овоз ва нафас машқлари, қўл ҳаракатларидан бошлаймиз. Ўқувчиларимизга икки босқичда таълим берамиз. Биринчи босқичда уларга ўқув қуролларини, атрофдаги предметларни мимика орқали тушунтириб, ҳис қилишга ўргатамиз. Иккинчи босқичда эса нутқида нуқсони борлиги учун алифбо орқали саводини чиқарамиз. Ҳозирда 1-синфга қабул қилган ўқувчиларимизни мактаб ҳаётига тайёрлаяпмиз, ошхона, ётоқхонага мослаштиряпмиз. Ўқувчиларимиз эшитмаса, гапира олмайди. Буни бартараф қилиш учун кўргазмали қуроллардан фойдаланамиз. Эшитиш қобилияти суст бўлган болалар кўриш орқали фанни ҳам, сўзни ҳам ўргана олади. Оддий мактабларда ўқитувчи мавзуни бир марта айтса, биз 4-5 марта қайтарамиз. Ўқувчиларимиз ўз уйларида яқинлари томонидан алоҳида эътиборда бўлган. Шу сабабли бу ерда ишловчи ўқитувчилардан кўпроқ меҳрибонлик, асабийлашмаслик, сабр-тоқат талаб қилинади», дейди тажрибали педагог.