Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бойсунда яна сув қувури ёрилган. Кунига 140 тоннадан ортиқ ичимлик суви исроф бўляпти
Бир йил аввал «Бойсун туманида уч кун ичида 7,5 млн сўм ариққа оқиб кетяпти» сарлавҳали лавҳа эълон қилинганди. Ўшанда муаммо бартараф этилгани ҳақида муносабат ҳам берилганди.
Хизмат сафари билан Сурхондарёда бўлганимизда, худди ўша жой – Дарбанд ва Даҳнаижом маҳаллалари ҳудудида яна қувур ёрилгани, тоза ичимлик суви ариққа оқиб кетаётганига гувоҳ бўлдик.

Ўзи ҳозир Ўзбекистонда тоза ичимлик суви «отлиққа йўқ». Масалан, Самарқанд вилояти Нарпай туманида аксарият аҳоли тоза ичимлик сувини пулга сотиб олиб ичади. Нарпайда бир тонна сув 30 минг сўм.
Бойсундаги ёрилган қувурдан қанча миқдорда сув оқиб кетаётгани ва бир суткада неча тонна сув исроф бўлаётгани аниқ эмас, аммо чамалаб кўриш мумкин. Қувур ёриғидан кичикроқ артезиан босимига тенг сув оқиб кетяпти. Оддий жумракдан 1 дақиқа-ю 52 сонияда 10 литр сув оқиб кетади (исботи видеода бор). Бойсундаги қувурдан бир вақтнинг ўзида камида 15 та жумрак суви оқиб, исроф бўляпти.

Демак, ушбу қувур ёриғидан бир дақиқада 150 литр, бир соатда 6 тонна, бир суткада 144 тоннадан ортиқ тоза ичимлик суви исроф бўляпти. Агар бу миқдорни бугунги кунда Нарпай тумани мисолида сўмга айлантирсак, 10 кунда 43 млн 200 минг сўмлик тоза сув исроф бўляпти. Бу рақамларни бир ой ёки ундан кўп миқдорга ҳам кўпайтириш мумкин. Чунки мазкур қувур қачон ёрилгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.
Маълум бўлишича, бугунги кунда Сурхондарё вилояти аҳолисининг 44,6 фоизи марказлашган ичимлик сув билан таъминланмаган. Вилоятда 2021-2023 йиллар давомида 138 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилиши кўзда тутиляпти. Натижада вилоятнинг ўндан ортиқ туманларида аҳолининг сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларига ечим топилиши айтилган.
Ўша 138 миллион доллардан бирор долларини Бойсундаги тешилиб чарчамаган қувурни ямашга ҳам ишлатишади деб умид қиламиз.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
17:50 / 02.05.2026
Бойсун сувларида яна нефт оқмоқда
16:35 / 28.04.2026
Бойсунда нефт дарёга оқиб кетгани бўйича 8,5 млрд сўм компенсация ҳисобланди
23:06 / 24.04.2026
Саида Мирзиёева Тойлоқда аҳоли ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ўрганди
15:10 / 24.04.2026