Ўзбекистон | 10:53 / 16.10.2021
4916
2 дақиқада ўқилади

Қарши-Самарқанд-Қарши йўналишида “Afrosiyob” поезди қатнови йўлга қўйилади

Фото: O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi

Самарқанд аэропортининг вақтинчалик ёпилгани сабабли йўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида Қарши-Самарқанд-Қарши йўналишида “Afrosiyob” замонавий поезди қатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда “O‘ztemiryo‘lyo‘lovchi” ахборот хизмати хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, Самарқанд халқаро аэропортининг вақтинчалик ёпилиши ҳамда йўловчиларга қулайлик яратиб, кўпроқ транспорт хизматларини кўрсатиш мақсадида 2021 йил 20 октябрдан 20 ноябргача Қарши-Самарқанд-Қарши йўналишида 772/771-сонли “Afrosiyob” замонавий поезди қатнови йўлга қўйилади.

Қайд этилишича, бир ой мобайнида Қарши-Самарқанд йўналишида ҳаракатланадиган 772-сонли “Afrosiyob” поезди Қарши темир йўл вокзалидан соат 12:20да жўнайди. Самарқанд-Қарши йўналишида ҳаракатланадиган 771-сонли “Afrosiyob” поезди эса Самарқанд темир йўл вокзалидан соат 14:30да жўнайди.

Таъкидланишича, ҳар иккала шаҳардан қатновлар ҳар куни амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, Самарқанд халқаро аэропортида янги аэродром мажмуасини ишга туширишга тайёргарлик кўрилмоқда. Шу сабабли мазкур аэропорт 20 октябрдан 20 ноябргача вақтинчалик ёпилади. Ушбу аэропортга келадиган авиақатновлар Навоий, Бухоро, Қарши халқаро аэропортларига йўналтирилади. Йўловчилар ушбу шаҳарлардан Самарқандга бошқа транспорт воситаларида етказиб қўйилади.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид