Ўзбекистон | 18:26 / 19.10.2021
3108
4 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтакланганини айтмоқда. Ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда

Фото: Сурхондарё вилоят ИИБ ахборот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Термиз шаҳрида яшовчи фуқаро ўзини ИИБ ходимлари уриб тан жароҳати етказганини айтиб видео тарқатган. Мазкур видеолавҳа юзасидан Сурхондарё вилоят ИИБ ахборот хизмати муносабат билдирди. Унга кўра ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган. Ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Муносабатда маълум қилинишича, жорий йил 20 июль куни Термиз шаҳрида яшовчи аёл М.С. Термиз тумани ИИБга мурожаат қилиб, 2005 йилда туғилган қизи М.С.ни жорий йил 19 июл куни маҳалладошлари К.Т. ва Ф.З. кимсасиз жойга олиб бориб, кийимларини ечиб, турли уятсиз ишлар қилганини билдириб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Мазкур ариза юзасидан ўтказилган суриштирувда ҳодиса Ангор тумани содир бўлгани аниқланган. Сўнг, ариза Ангор туманига юборилган ва жорий йил 26 июль куни туман ИИБда қайд этилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган. Вилоят суд-тиббиёт экспертиза бюросининг 2021 йил 23 июлдаги хулосасига кўра, М.С.нинг танасида тан жароҳатлари ва уларнинг қолдирган изи аниқланмаган.

Қайд этилишича, жорий йил 16 август куни фуқаро Ф.З.га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Шу жиноят иши юзасидан тергов ўтказилаётган вақтда қизнинг отаси Г.Ш. 6 октябрь куни суд-тиббий экспертизаси биносига келиб, экспертни ҳақорат қилган.

Шу пайтда иш юзасидан бино ёнида турган Термиз шаҳар ИИБ ходимлари ундан жамоат тартибини бузмаслигини талаб қилган. Аммо Г.Ш. ҳақорат қилишда давом этган. Ходимлар Г.Ш.ни шаҳар ИИБга олиб бориш мақсадида автомашинага миндирмоқчи бўлганида у қаршилик кўрсатган. Шундан сўнг, ИИБ ходимлари куч ишлатиб уни хизмат «Дамас»ига миндирган.

Термиз шаҳар бўлимида Г.Ш ва унинг ортидан борган қизи ҳамда хотини тушунтириш хати ёзиб беришган ва бўлимдан чиқариб юборилган.

Бундан ташқари, фуқаро И.М. (аёл) жорий йил 11 август куни Термиз шаҳар ИИБга  Г.Ш. уни 11 август уяли телефон орқали қўпол сўзлар билан ҳақорат қилганини 19 август куни эса ҳақоратли сўзларни смс тарзида ёзиб юборганини айтиб мурожаат қилган.

Жорий йил 6 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида фуқаро Г.Ш. МЖтКнинг 183 ва 194-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Таъкидланишича, ИИБ ходимларга нисбатан хизмат текширув олиб борилмоқда. Келгусида қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади. Г.Ш.нинг видеомурожаати юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур иш вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Мавзуга оид