20 октябр куни Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтди. Унда Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Дилором Тошмуҳамедова болалар уйи битирувчилари учун жорий этилган имкониятлар тўлиқ йўлга қўйилмаётгани ҳақида гапирди.

Сенаторнинг айтишича, меҳрибонлик уйларида тарбия топган ва бугунги кунда давлат томонидан берилган ётоқхоналарда яшаётган 610 нафар етим боланинг аксарияти ниҳоятда аянчли ҳолатда яшашмоқда. Шундай болалардан 35 нафари ҳақида Халқ таълими вазирлиги маълум қилган.

“Охирги йилларда 30 ёшгача бўлган меҳрибонлик уйлари битирувчилари 3700дан ортиқни ташкил қилади. Бири ишлаяпти, бири ишсиз. Булар орасида фарзандли бўлиб, болаларини меҳрибонлик уйларига топширган ҳолатлар учраяпти. Яна етимлар пайдо бўляпти. Бундай болаларга 25 ёшгача эътибор қаратиш керак деб ўйлайман”, деди сенатор.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил: «Меҳрибонлик уйлари битирувчиларига берилаётган турар жойларнинг ҳаммаси ҳам талаб даражасида эмас»

Дилором Тошмуҳамедова олиб борилаётган ишларда йўл қўйилаётган сусткашликларга ҳам тўхталди.

“Молия вазирлиги томонидан етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар учун уларнинг коллеж, лицей ёки ОТМда ўқиётган даврида ҳар ўқув йилида бир марта ўқув илмий-бадиий адабиётлар, китоблар билан таъминланиши учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан БҲМнинг 5 баробари миқдорида ажратилиши керак бўлган субсидиялар ажратилмаган.

Шунингдек, давлат олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттираётган етим болалар учун 2021 йилнинг 1 сентябридан бошлаб берилиши лозим бўлган стипендия тўловларини 50 фоизга оширилган ҳолда тўлаш вазифаси бажарилмаган. Уларга дарс берувчи профессор-ўқитувчиларга ҳам тўланиши лозим бўлган моддий рағбатлантириш жорий этилмаган. Бу бўйича ҳукумат қарори ишлаб чиқилмаган”, – дея қайд этди у.

Таъкидланишича, меҳрибонлик уйларидаги болаларнинг 15-17 фоизи чин етимлар, кўп қисми ота-онасидан бири бор ёки ижтимоий етимлар ҳисобланади. Уларнинг 38 фоизи – ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганларнинг фарзандлари. Сенатор шундай болаларни ҳам ўрганишлар асосида ўз ота-онасига қайтариш масаласини кўриб чиқиш лозимлигини айтди.