Кенг тарқалаётган, жадал ва тезлашиб бораётган иқлим ўзгариши Марказий Осиёда сув ресурсларини бошқариш ва хавфсизлигини таъминлаш масалалари аҳамиятини йилдан йилга оширмоқда.

Марказий Осиё сув манбалари хавфсизлик, энергия, озиқ-овқат ва атроф-муҳит билан узвий боғлиқ бўлган дунёдаги кам сонли минтақалардан биридир.

Сўнгги йилларда об-ҳаво кескин ўзгариши эса истиқболда долзарб муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Энергия манбаларига таъсири

Марказий Осиё давлатлари электр энергия тизими ўзаро мувофиқликда фаолият юритади, шу боис, бир мамлакатда содир бўлган йирик авария бир лаҳзада бошқа давлатлар электр таъминотида сезилади. Бу айниқса сув ресурсларига алоқадор бўлса.

Қирғизистонда 85 фоизга, Тожикистонда 91 фоизга, Ўзбекистонда 15 фоизга, Қозоғистонда эса 10 фоизга яқин электр энергияси гидроэлектр станцияларда ишлаб чиқарилади. Сув манбалари қисқариши электр энергия тақчиллиги ошишига жиддий таъсир ўтказади.

Хусусан, сўнгги йилларда ёғингарчилик камайиши натижасида Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги «Тоқтогул» сув омборининг сув сатҳи «ўлик чегара» даражасигача тушиши эҳтимоли борлиги айтилмоқда. Мазкур сув омборида 2010 йилнинг 22 июлида сув ҳажми 18,2 млрд кубометрни ташкил қилган бўлса, 2021 йилнинг 30 мартида сув сатҳи 8,7 млрд кубга қадар пасайган ва пасайишда давом этмоқда. Мутахассислар фикрича, сув тақчиллиги яна беш йилгача давом этиши мумкин. Ушбу сув омбори Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг бир қисмини ҳам сув билан таъминлашга хизмат қилади.

Шу сабабли Қирғизистонда энергия инқирозининг олдини олиш ва келгуси суғориш мавсуми учун етарли миқдорда сув йиғиш мақсадида минтақа давлатлари Қирғизистонга электр энергияси етказиб бериш бўйича музокаралар олиб боришди. Аммо бошқа давлатларда ҳам энергия ресурслари борасида вазият анча жиддий.

Ўзбекистон Энергетика вазирлигининг расмий баёнотига кўра, мамлакатдаги ГЭСларда сув ҳажми камлиги сабабли электр энергияси ишлаб чиқариш кўрсаткичлари камайиши кузатилган. 2019 йилда ГЭСларда ишлаб чиқариш 6,5 миллиард киловатт-соатни ташкил этган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич ўтган 2020 йилдаги каби 5 миллиард киловатт-соатни ёки 1,5 миллиард киловатт-соатга кам (23 фоиз)ни ташкил этмоқда.