Ўзбекистон | 01:10 / 19.11.2021
16631
2 дақиқада ўқилади

Ер ости бойликлари ва имтиёзлар: ДСҚ раиси ставкалар фақат хусусий компаниялар учун пасайишига муносабат билдирди

Ўзбекистонда олтин, мис, уран, нефт ва газ қазиб олувчи хусусий компанияларга мисли кўрилмаган солиқ имтиёзлари берилмоқда. Kun.uz мухбири бу имтиёзлар ер ости бойликларининг олигархлар қўлига осон ўтишига сабаб бўлиши эҳтимоли ҳақида Давлат солиқ қўмитаси раисининг муносабати билан қизиқди.

Ўзбекистонда 2022 йилдан ер қаъридан фойдаланганлик учун (олтиндан тортиб, газгача) солиқ ставкалари пасаймоқда. Лекин ставкалар НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтегаз” учун ўзгармасдан қолади. Бу ер ости бойликларнинг хорижий ва олигархларга тегишли компанияларга ўтиб кетиши хавфини оширмайдими?

Kun.uz мухбирининг ушбу саволига жавобан Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев бундай деб ҳисобламаслигини билдирди.

“Солиқ идоралари солиқ кодексида ёзилган нормаларнинг маъмурчилиги билан шуғулланади. Солиқ сиёсати, ставкаларини белгилаш эса кўпроқ Молия вазирлигига тааллуқли бўлади.

Иккинчидан, қолганларга пасайтириляпти, НКМК, ОКМКга пасайтирилмаяпти деганингиз, менимча, улар давлат ташкилотлари-ку, шунга пасайтирилмагандир. Қолганларга солиқ ставкаларининг пасайтирилгани бевосита хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобида кўпроқ маблағ қолади, бу маблағлар ўша ерда иш ўрни яратилишига реинвестиция қилинса керак.

Умуман, сизнинг тахминингизга мен қўшила олмайман”, – деди ДСҚ раиси.

Эслатиб ўтамиз, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари камайтирилиши октябр ойи бошида имзоланган фармонда белгиланган эди.

Унга асосан, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари:

  • нефть ва табиий газ бўйича 10 фоизгача (амалда нефть 20 фоиз, табиий газ 30 фоиз);
  • олтин ва мис учун 7 фоизгача (амалда олтин 10 фоиз, мис 10 фоиз);
  • вольфрам концентрати учун 2,7 фоизгача (амалда 10,4 фоиз);
  • уран учун 8 фоизгача (амалда 10 фоиз) камайтирилиши кутиляпти.

Бироқ НКМК, ОКМК ва “Ўзбекнефтгаз” аввалги ставкаларда солиқ тўлашда давом этади.

Ер ости бойликларини ўзлаштирувчилар учун бундай катта имтиёзлар 2022 йилги давлат бюджети лойиҳасида ҳам акс этган.

Мавзуга оид