Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 12-сонли мактаб директорининг буйруғида 20 нафар ходимларнинг меҳнат шартномалари ёппасига бекор қилинганини кўриш мумкин.
Бунга уларнинг коронавирусга қарши вакцина билан эмланмагани сабаб бўлган. Буйруққа асос сифатида Махсус комиссиянинг 2021 йил 17 июлдаги йиғилиши 78-сонли баёни асос қилиб кўрсатилган.

“Мактаб директори Республика махсус комиссиясининг йиғилиши баёнини тушунмасдан 20 нафар ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида буйруқ чиқарган. Аслида бизни вақтинча ишдан четлаштириши керак эди. Бу қанчалик ҳақиқатга тўғри келади?” – дейди Kun.uz'га мурожаат қилган ўқитувчилардан бири.
Ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида мазкур мактаб директори вазифасини бажарувчи Учқун Ашуров билан боғландик. Унинг маълум қилишича, буйруқ ҳали расмийлаштирилмаган ва ўқитувчиларни ишдан бўшатиш нияти ҳам бўлмаган. У бу ҳаракатларини ўқитувчиларнинг вакцина олишларини тезлаштиришга қаратилгани билан изоҳлади.
“Бир неча марта огоҳлантиришимга қарамай, айрим ўқитувчилар эмланишни пайсалга солиб келишди. СЭС томонидан уларнинг эмланмагани аниқлангач, менга 30 “минималка” жарима ёзишди. Бундан жаҳлим чиқиб, кадрга буйруқ расмийлаштиришни буюрдим. Сўнг, сиз кўрган буйруқ нусхасини ўқитувчиларга кўрсатдим. Шундан сўнг, қисқа фурсатда кўпчилиги эмлангани ҳақида сертификат тақдим этди. Лекин буйруқ тайёрлашда ўқитувчиларни ишдан бўшатишни ният қилмаганман. Буйруқ расмийлаштирилмаган ҳам. Шунчаки, қўрқитиб қўймоқчи эдим. Ўқитувчилар ишлаб юрибди. Ўзларидан сўрашингиз мумкин”, – деди Учқун Ашуров.
Шунингдек, Учқун Ашуров ўқитувчиларни вакцина билан эмланиш ҳақида ёзма огоҳлантирмаганини, уларга нисбатан ишдан вақтинча четлаштириш чорасини қўлламаганини тан олди.
Ўқитувчилар мактабда иш фаолиятини олиб боришаётганини тасдиқлашди. Гарчи мактаб директори кет демаётган бўлса-да, қўлларида имзоланган, муҳрланган ва 170-рақам берилган буйруқнинг борлиги ходимларда мавҳумлик кайфияти сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда.
Қизилтепа туман СЭОМ бошлиғининг ўринбосари Шаҳриёр Ашуров 12-сонли мактаб директори Учқун Ашуровга нисбатан МЖтКнинг 54-моддаси билан маъмурий жарима қўлланилганини тасдиқлади.
Нима бўлган тақдирда ҳам, директорнинг ноҳақлигини қайд этиш лозим. Аввало, у ходимларни “қўрқитиб қўйишга” ҳақли эмас. Қолаверса, вазиятнинг ҳуқуқий ечими мавжуд. Бундай ҳолатда ходим ишдан бўшатилиши эмас, Меҳнат кодексининг 113-моддасига асосан ишдан четлаштирилиши лозим.







