Ўзбекистон | 14:29 / 13.12.2021
10264
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда машина икки ўқувчини уриб кетди. Улардан бири вафот этди

Шароф Рашидов туманида автомобил икки ўқувчини уриб кетди, улардан бири вафот этди. Ушбу ЙТҲдан кейин кўчада ёриткичлар ва «сунъий нотекисликлар» ўрнатилган.

Фото: Видеодан кадр

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманидаги машина 6-мактабнинг икки нафар ўқувчисини уриб кетди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди. 

Ҳайдовчи MY5 телеканалига берган интервьюсида айтишича, кечки соат 18:00 атрофида 30–40 км/соат тезликда кетаётган бўлган. Унинг сўзларига кўра, икки вояга етмаган бола бошқа автомобилдан қочиб, машина йўлига чиқиб қолган ва йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Ҳайдовчи болаларнинг бирини ўз машинасида шифохонага олиб борган, иккинчи ўқувчи эса тез тиббий ёрдам машинасида олиб кетган. Болаларнинг бири вафот этган, иккинчисининг аҳволи эса оғирлигича қолмоқда.

Ушбу ҳодисадан сўнг вилоят ЙҲХБ томонидан тезкор штаб тузилиб, ЙТҲ сабаблари ўрганилган. Маълум бўлишича, автоҳалокат содир бўлган кўчада йўл ёритиш чироқлари ўрнатилмаган. Йўлнинг қатнов қисмида эса нотекисликлар мавжуд бўлган.

Ҳодисадан бир кун ўтиб, бу йўлларни текислаш, сунъий нотекисликлар ётқизиш ишлари бошлаб юборилган. Эндиликда маҳалланинг 1,5 километрли марказий кўчасига ёриткич чироқлари ҳам ўрнатилиши маълум қилинган.

Мавзуга оид