Иқтисодиёт | 17:59 / 20.12.2021
15816
3 дақиқада ўқилади

Трансафғон йўлаги бўйича ишлар қайта тикланади

Ўзбекистон 2022 йилнинг баҳорида «Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўли қурилишини бошлаш мажбуриятини олган.

Фото: RailFreight

Исломободда Ислом ҳамкорлик ташкилотининг саммити доирасида Ўзбекистон Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Толибон Ташқи ишлар вазири в.б. Амир Хон Муттақий ўртасида учрашув ўтказилган. Унда Ўзбекистон томони 2022 йилнинг баҳорида «Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўли қурилишини бошлаш ва техник ишлар учун бир қанча афғонистонлик кадрларни тайёрлаш мажбуриятини олган. Бу ҳақда The News International нашри хабар бермоқда.

Трансафғон темир йўлининг узунлиги тахминан 573 кмни ташкил қилади. Лойиҳа 4,8 миллиард долларга баҳоланган. Ушбу темир йўл Жанубий Осиё давлатларини Марказий Осиё мамлакатлари билан боғлаши кўзда тутилган.

«Бу катта лойиҳа. Унда ҳар бир давлат ўз ролини ўйнайди. Ҳар бир давлатнинг қурилиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича ўз ўрни бор ва маблағ ажратади. Техник масалалар ҳали тугалланмаган. Тез орада бизнинг делегация бу ишларни муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради», — деган «Толибон» ҳукумати молия вазири матбуот котиби Аҳмад Воил Ҳақмал.

Маълумот учун, 2 февраль куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Афғонистон–Покистон ўртасида «Мозори Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўлини қуриш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси») қабул қилинганди.

Экспертларнинг тахминларига кўра, янги темир йўлнинг қурилиши Ўзбекистондан Покистонга юкларни ташиш вақтини 30-35 кундан 10-15 кунгача қисқартиради. Шунингдек, транспорт харажатларини Россия ва Покистон ўртасида 15-20 фоизга, Марказий Осиё ва Покистон давлатлари ўртасида эса 30-35 фоизга камайтириши мумкин.

Шу билан бирга, Халқаро молия институтлари «Мозори Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўли қурилиши лойиҳасини чуқур иқтисодий-илмий таҳлил қилиш кераклигини таъкидлаган. Бу темир йўл йўналишининг аксарият қисми тоғли ҳудудлардан ўтганлиги билан изоҳланади.

Аввалроқ, жорий йилнинг 6-7 декабрь кунлари Тошкентда «Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар» темир йўли линиясини лойиҳалаш ва қуриш бўйича транспорт вазирликлари раҳбарлари иштирокида уч томонлама (Ўзбекистон, Афғонистон, Покистон) ва кўп томонлама (Ўзбекистон, Россия, Қозоғистон, Афғонистон, Покистон) музокаралар бўлиб ўтгани хабар қилинганди.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид