Тошкентда ўтаётган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг биринчи транспорт форумида Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Kun.uz мухбирининг икки йирик лойиҳа: “Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар” ҳамда “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўллари ҳақидаги саволларга жавоб берди.

– 29 октабр куни Афғонистоннинг Кобул шаҳрида икки давлат ўртасида ҳукуматлараро йиғилиши бўлиб ўтди. Унга Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилик қилди. Бу тадбирда сиз ҳам қатнашдингиз, транспорт соҳасида толиблар билан қандай келишувларга эришилди, шу ҳақда гапириб бероласизми? Билишимизча, “толибон” ҳукумати транзит тўловларини камайтириш ҳамда имтиёзли тарифлар ҳақида ҳам сўраган.

– Асосий мақсадимиз – Афғонистон орқали Покистон портларига чиқиш. Энг асосий масала – Трансафғон халқаро коридорини ривожлантириш. Президентимиз бунга 5 йилдан бери куч ишлатдилар, жуда катта шароит яратиб бердилар биз учун. Ўйлайманки, биз бунинг давомини амалий ишлар жиҳатидан амалга оширишимиз керак.

Бўлган ташриф доирасида мазкур коридордан фойдаланишда яна қўшимча қулайликлар, шароитлар яратиш бўйича келишувга эришилди ва Ўзбекистон ташувчилари ҳам шу Афғонистон ҳудудидан бемалол ўтиб, Покистон чегарасигача етиб боришга шароитларни яратиб бериш бўйича келишувга эришилди.

– “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўли борасида қандай маълумотлар бера оласиз?

– Хабарингиз бор, ҳозирда асосан Қозоғистон орқали Хитойдан маҳсулотлар етиб келади. Лекин бизда Қирғизистон коридорини ривожлантириш бўйича барча ишлар амалга ошириляпти. Иркиштон чегара пости, яъни Қирғизистон ва Хитой ўртасидаги чегара пости 24 соатдан ишлашдан тортиб, Қирғизистон орқали автотранспорт воситаларининг ҳаракатланишига барча қулайликлар яратиш ва Андижонга Қирғизистон билан Ўзбекистон чегара постига бемалол ўтиш учун шароитлар яратганмиз, бу бўйича келишувларга эришганмиз. Бугунги кунда бу коридордан 7,5 баробарга юк айланмаси амалга оширилган. Ҳозир асосий ҳаракатимиз Қирғизистон ҳудудида темирйўл қурилиш лойиҳаси. Бу бўйича 3 томонлама техник-иқтисодий асослар ишлаб чиқилди. Ҳозирда биз буни ким амалга ошириши бўйича музокараларни олиб боряпмиз.

– Трансафғон ва “Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой” темирйўли лойиҳаси қачон якунланиши кутилмоқда?

– Биз барча қурилиш ишларини келгуси йили (2024 йилда) бошлашни мақсад қилиб қўйганмиз. Энди бу мураккаб нарса, чунки бир нечта мамлакатлар билан боғлиқ бўлган лойиҳалар. Ўзимизнинг ҳудудимиздаги қурилишлардан фарқ қилади. Энг асосийси йўналишлари: қаердан бошлаб қурилиши, қайси услубда қилиниши келишилган ва техник-иқтисодий асослари тайёрланган.