Умра сафари қачондан бошланади?
2022 йил 22 январ куни биринчи рейсни Саудия Арабистонигa учиришга тайёргарлик кўрилмоқда. Шундан сўнг 25, 28 январ кунлари ҳам навбатдаги рейслар амалга оширилади.
Келгусида муборак сафарга рейсларни сезиларли даражада ошириб борилади.
Бошланаётган умра сафарига қачон рўйхатга ёзилган фуқаролар жўнатилади?
Жорий умра мавсумида биринчи навбатда пандемиядан олдин, яъни 2020 йил феврал ойи охирига қадар умра зиёрати учун тўловларни амалга ошириб, сафарга бора олмаган фуқаролар юборилади.
Умра тўлови қанча этиб белгиланди?
Қайд этганимиздек, пандемиядан олдин, яъни 2020 йил феврал ойига қадар умра зиёрати учун охирги белгиланган тўловларни амалга оширганлар қўшимча равишда 4 770 000 сўм маблағ тўлайди.
Ушбу қўшимча тўловни белгилашда, меҳмонхоналарда зиёратчиларнинг хоналарга, автобусларда ўриндиқларга жойлаштиришда оралиқ масофа ҳисобига 50 фоизгача қисқартирилиш, озиқ-овқат маҳсулотларини қадоқланган ҳолда тарқатиш, ўрнатилган бошқа карантин тартиб-қоидаларни таъминлаш, 15 фоиз Саудия ҚҚС солиғи каби сарф-харажатлар ҳам ҳисобга олинган. Шунингдек, Макка ва Мадина шаҳарларида энг замонавий меҳмонхоналар зиёратчиларимизга хизмат қилади.
Мазкур тўловлар амалга оширишда зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида, “Алоқабанк” АТнинг барча филиалларида ҳар куни, ҳатто шанба ва якшанба кунлари ҳам қабул қилинади.
- Маълумот учун, 2020 йил бошида Умра зиёрати учун тўлов миқдори 13 млн сўм атрофида белгиланган эди. Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг бугунги ахборотида энди навбатга ёзилаётганлар учун тўлов миқдорига аниқлик киритилмаган. Пандемиядан олдин тўлов қилганлар 4,8 млн сўмга яқин қўшимча тўлов қилаётганидан келиб чиқилса, янги нарх 17,8 млн сўм атрофида этиб белгиланганини тахмин қилиш мумкин.
Зиёратчилар учун қайси вакцина билан эмланиш талаб этилади?
Умра сафарига борувчи фуқаро COVID-19га қарши Astra-Zeneca, Moderna, Pfizer ёки Jonson & Jonson вакциналари билан тўлиқ эмланиб, сертификатга эга бўлиши лозим.















