17 январ куни Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Солиқ кодексига киритилган ўзгаришлар юзасидан матбуот анжумани ўтказди.
Анжуманда Artel, “Ўзбекистон темир йўллари” ва Uzbekistan Аirways каби йирик компанияларга солиқ имтиёзлари берилгани натижасида давлат бюджетига тушмаётган маблағлар кимнинг елкасига тушаётгани, улар нега мол-мулк солиғидан озод қилингани ва уларнинг балансида қанча мол-мулк борлиги ҳақида савол берилди.
“Охирги саволга жавоб бермайман: балансида қанча мол-мулк борлиги солиқ сири бўлади. Буни билмайман ҳам, билганимда ҳам жавоб бермасдим.
Кимнинг елкасига тушяпти, деганда савол нотўғри қўйиляпти. Ҳеч кимнинг елкасига тушгани йўқ. Давлат фискал ва молия сиёсати доирасида қайсидир соҳаларни ривожлантириш учун солиқ имтиёзларини беради. Агар биз ўша солиқ имтиёзларини яшириб, эълон қилмаганимизда, Солиқ қўмитасига айбдор сифатида қарашингиз мумкин эди. Биз ҳаммасини очиқчасига эълон қиляпмиз”, – деди Қудбиев.
ДСҚ раиси сўзининг давомида Anhor.uz сайтида эълон қилинган “2022 йилги солиқлар ҳақида” номли танқидий мақоладаги қатор важларни инкор қилди.
“Майли, солиқчи бўлмагандан кейин... Фақатгина илтимос қилардик, келгусида агар сўрасаларинг ўзимиз ахборотларни тўғридан тўғри берамиз.
Биринчидан, кимга солиқ имтиёзи берилган бўлса, ҳаммасини эълон қилиб боряпмиз.
Иккинчидан, Молия вазирлигининг барча тузилмаларидаги ходимлар жисмоний шахсларнинг даромад солиғидан озод қилингани қайд этилган, ундай эмас. Солиқ кодексида белгиланганидек, охирги икки йилдан бери ҳатто ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам даромад солиғи тўлаяпти, ким қанча даромад солиқ тўлагани ҳақида аниқ рақамлар бор.
Учинчидан, якуний бўлмаган ҳисоб-китобларга кўра, 2021 йилда 1 трлн 190 млрд сўмлик товар айланмаси қайд этилган, шундан 17 фоизи ноль даражадаги, 13 фоизи эса имтиёзли товар айланмаларидир. Умумий, солиққа тортиладиган айланма 833 трлн сўмни ташкил қилган, шундан 125 трлн ҚҚС ҳисобланган, 105 трлн “зачет”га ҳисобланган. Солиқ имтиёзлари ҳам бир муаммо бўлиши мумкин, аммо биз учун энг асосий муаммомиз – адолатли ҳисобот берилишини таъминлашдир”, – деди у.
Қўмита раҳбари мол-мулк солиғидан ҳеч ким озод бўлмаслигини айтди.
















