Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида тадбиркор томонидан аукционда сотиб олинган ҳудуддаги дарахтларнинг таги 3 февраль куни бетонлаб ташланган эди. Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.
“Юнусобод тумани ҳудудидаги дарахтлар ости бетонланишига йўл қўйилганлиги ҳолати юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра, ЖКнинг 198-моддаси 3-қисми [Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш] билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда, ушбу жиноят иши юзасидан Юнусобод туман ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча маълум қилиниши таъминланади”, дейилади Бош прокуратура матбуот хизмати томонидан эълон қилинган расмий муносабатда.
Қайд этилишича, жиноят иши доирасида ушбу ҳудуддаги дарахтларни кесиб кетиш фактига ҳам ҳуқуқий баҳо берилади.
Гумонланувчиларга нисбатан илгари сурилган айблов тасдиғини топган тақдирда, уларга 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Жиноят кодексида белгиланишича, етказилган моддий зарарнинг ўрни уч карра миқдорида қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.
Воқеа тарихи
Бетонлаб кетилишидан олдин ушбу ҳудуддаги дарахтларга икки марта “суиқасд” қилинганди. Хўш, можаро нимадан бошланган эди?
Маҳаллий аҳоли ва тадбиркор ўртасидаги келишмовчилик 2020 йилда бошланган. Юнусобод тумани Отчопар-1 маҳалла аҳолиси 30дан ортиқ арча экиб, парваришлаб келаётган салкам 2 сотих ер туман ҳокимлиги томонидан аукционга чиқарилади ва тадбиркор томонидан қонуний тартибда сотиб олинади. Ушбу ҳудуд 2020 йилда Тошкент шаҳар ҳокимининг қарори билан тадбиркорга бириктириб берилади.
Тадбиркор бу ерда қурилиш бошлаш учун дарахтларни қўпориб ташламоқчи бўлганида аҳоли қаршилигига дуч келади. Дарахтлар кесилишидан хавотирланган маҳалла аҳли навбат ташкил қилиб, бу ерда қоровуллик қила бошлайди.















