Тошкент шаҳри ҳокимлиги Алишер Навоий шоҳкўчаси реконструкцияси бўйича журналистлар билан учрашув ташкил қилди. Унда шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов ва бошқа масъуллар иштирок этди.

Реконструкция лойиҳаси аввалдан эълон қилинмади, нега?

Куни кеча шаҳар ҳокимлиги пойтахт марказидаги шоҳкўчани таъмирлашни дабдурустдан бошлаб юборган, бу ҳақда аввалдан ҳеч қандай маълумот берилмаган эди. Матбуот анжуманида ҳам ҳокимлик вакиллари бу хато бўлганини тан олгани йўқ.

Бахтиёр Раҳмонов лойиҳа жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинмаганига изоҳ бераркан, агар шундай қилинса, муҳокама бир неча ойлаб чўзилиб кетган бўларди, дея жавоб берди.

Жамоат транспорти учун алоҳида бўлак бўладими?

15 феврал куни ҳокимлик эълон қилган видеода фақат жамоат транспорти учун мўлжалланган алоҳида ҳаракатланиш бўлаги йўқ эди. Бугунги мулоқотда бу техник хато бўлгани айтилди.

Маълум қилинишича, Навоий кўчаси бўйлаб ҳар икки томондан йўлнинг энг четки ўнг бўлаги фақат жамоат транспорти учун мўлжалланган бўлади.

Реконструкцияда йўлнинг габаритлари кенгайтирилмаслиги айтилди. Йўл четида автомобиллар тўхтаб туриши учун жой қолдирилмайди.

Шунингдек, Навоий ва Пахтакор кўчалари кесишмаси ҳозиргидек Т шаклидаги чорраҳа бўлиб қоладиган бўлди. Лойиҳада Мустақиллик майдони тарафдан келиб Пахтакор кўчасига бурилишни ёпиш, нарироқда қайрилиб олиш учун жой қилиш кўзда тутилганди.

Трамвай-чи?

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга трамвай қайтарилишини эълон қилганди. Навоий кўчаси лойиҳасида эса трамвай инобатга олинмаган. Трамвай линиялари ҳали аниқ бўлмай туриб, реконструкция бошлаш қанчалик тўғри?

Бахтиёр Раҳмонов бу саволга жавобни қисқа қилди: “Навоий кўчасида трамвай бўлмайди”. Журналистларда аниқлаштирувчи савол бериш имкони бўлмади. Фақатгина шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи, “Тошшаҳартрансхизмат” раҳбари Анвар Жўраев трамвай бўйича алоҳида дастур қабул қилинишини айтди холос.