“Ходимларнинг 90 фоизи синовдан аъло даражада ўтди” – Нурафшонда ички ишлар мансабдорлари ўқотар қуролни йиға олмагани бўйича изоҳ берилди
Таъкидланишича, Тошкент вилояти ИИББ тизимидаги ходимларнинг 90 фоизи қуролни тўлиқ ва нотўлиқ қисмларга ажратиш, йиғиш, ўқ отиш бўйича синовлардан аъло даражада ўтган.
“Бугун интернет орқали Нурафшон шаҳрида ИИБ ходимлари билан ўтказилган касбий тайёргарлик бўйича синовлар жараёнининг бир қисми яшин тезлигида тарқалди.
Видеода шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси бошлиғи ва ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари синов жараёнида АК-74 ўқотар қуролини йиғишда хатога йўл қўйганлиги кўринади.
Афсуски, видеода фақатгина ушбу вазифани бажара олмаганлар намойиш этилган. Реал жараёнда эса, қуролни тўлиқ ва нотўлиқ қисмларга ажратиш, йиғиш, ўқ отиш вазифаларини максимал ва аъло даражада бажарган ходимлар нисбати 90 фоизни ташкил қилган”, - дейилади Тошкент вилояти ИИББ матбуот хизмати томонидан эълон қилинган баёнотда.
Бироқ расмий муносабатда видео қандай қилиб тарқаб кетганига аниқлик киритилмаган. Журналист ва блогерларни нохолис ва текширилмаган, ички ишлар органи ходимларини обрўсизлантирадиган маълумот тарқатиш оқибатларидан огоҳлантиришни хуш кўрадиган ИИВ матбуот котиби негадир бу сафар видео тарқалишига сабаб бўлганларга “ақл ўргатиш”дан тийилади.
Баёнотда Тошкент вилояти ИИББ Касбий тайёргарлик бўлими томонидан 100 фоиз шахсий таркиб ўртасида ходимларнинг касбий билим маҳорати (тест), жисмоний ва жанговар тайёргарлиги ҳамда қуролдан фойдаланиш (қисмларга ажратиш йиғиш ва ўқ отиш) бўйича махсус синовлар ўтказилгани таъкидланади. Қайд этилишича, ушбу синовларни муваффақиятли бажарган ходимларнинг кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этади.
“Айрим йўналишлар бўйича ўта олмаган 5 фоиз ходимларнинг 3 фоизи қайта топшириш натижаларига кўра вазифаларни бажарган. Кўп сонли шахсий таркибнинг 2 фоизи эса вазифаларни қайта ўзлаштириш мақсадида махсус малака ошириш марказига юборилиши белгиланган”, - дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда ички ишлар ходимларининг жанговар шайлиги текширилаётгани, интернетда тарқалган видеоларда бир неча ходим қисмларга ажратилган ўқотар қуролни йиға олмагани акс этган видео тарқалганди. Тошкент вилояти ИИББ бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов Kun.uz'га синовдан ўтолмаганлар вазифасидан четлаштирилмаслиги, бироқ малака оширишга юборилишини таъкидлаганди.
Мавзуга оид
20:49 / 19.11.2024
Тошкент вилоятида салкам 7 килоли чақалоқ туғилди
12:10 / 31.10.2024
Нурафшонда ярим миллиард сўмдан ортиқ электрдан ноқонуний фойдаланган цех аниқланди
09:51 / 11.10.2024
Тошкентда "Спарк" ва "Матиз" тўқнашиши оқибатида бир киши ҳалок бўлди
11:28 / 16.07.2024