Самарқанд вилояти Пахтачи туманида ИИБнинг хизмат машинаси туман марказидаги асосий кўчага чиқувчи маҳалла йўлини сабабсиз тўсиб тўхтаган, йўлга чиқа олмай қолган ҳайдовчи сигнал бергач, ЙҲХБ бошлиғи келиб унинг машинасини жарима майдонига қўйганди. Янги тартиб кучга кирса, бу каби ҳолатларда видеони тарқатишдан олдин ЙҲХ ходимидан рухсат сўраш керак бўлади.

Ўзбекистонда хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ ходимларини фото ва видеога олиб, уларнинг рухсатисиз интернетда тарқатиш тақиқланиши мумкин. Шу мазмундаги ҳукумат қарори лойиҳаси интернет фойдаланувчиларининг танқидига учради.

Kun.uz мавзу юзасидан ижтимоий тармоқ фаоллари билдирган фикрлар ва уларга ички ишлар вазирининг матбуот котиби берган жавобни ҳавола этади. Аввалига эса бу мавзунинг икки муҳим жиҳатига эътибор қаратиш лозим:

  • Бу лойиҳага асос бўлган, президентнинг “Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида” 2022 йил 8 февралдаги ПҚ–118-сон қарори очиқ манбаларда йўқ.
  • Ички ишлар вазирлиги ЙПХ ходимларининг тасвирини уларнинг розилигисиз интернетга чиқаришни тақиқлашга оид ҳукумат қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилгани ҳақида ўз сайтида ҳам, ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ҳам эълон қилгани йўқ.

“Касални яширган билан иситмаси ошкор қилади”

Сарвар Қурбонов, Energomenejer Telegram-канали муаллифи:

— Агар давлат хизматчиси ўз вазифасини ҳалол ва виждонан бажараётган бўлса, фуқаролар унинг фаолиятини ёки у билан мулоқот жараёнини видеога олса, бу фақат ва фақат ходимнинг фойдасига хизмат қилади. Қачонки, у қонун доирасида ҳаракат қилаётган, қонундан ташқарига чиқмаётган бўлса. Ходим ўзини муносиб тутган бўлса, видео тарқалган тақдирда ҳам унга ҳеч қандай “минус” бўлмайди.

Фуқаро қайсидир давлат хизматчисини видеога олиб тарқатяптими, демак, у нимадандир қониқмаган ёки унга нисбатан адолатсизлик қилган бўлиши мумкин. Ҳукумат қарори билан давлат хизматчисининг хизмат фаолияти видеога олиниши ва ушбу тасвирларнинг интернетда тарқатилишини тақиқлашга ҳаракат қилинаётгани қандайдир сирлар очилиб кетишининг олдини олиш, деб тушуниш мумкин.