Ўзбекистонда ЙПХ ходимларини фото ва видеога олиб, уларнинг рухсатисиз интернетда тарқатиш тақиқланиши мумкин. Шу мазмундаги ҳукумат қарори лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 29 мартгача давом этади. Ҳозирга қадар лойиҳа юзасидан мингдан зиёд таклиф билдирилган.

Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари ушбу уринишни салбий қаршилашди. Kun.uz мавзу юзасидан ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга эътибор қаратди.

“Видеога олиш, яъни жамоатчилик назорати орқали “ГАИ” ходимларининг саводхонлиги анча ошди. Илгари уларни видеога олиш мумкин бўлмаган пайтларда ходимлар билганини қиларди, ҳайдовчиларга ноҳақ “протокол” расмийлаштиришарди. Жамоатчилик назорати орқали тизим анча тартибга солинди. Энди орқага қайтиш йўқ”. — Рустам Каримов

“Таклиф этилаётган ўзгартириш адолатга эмас, балки ўз мансаб-лавозимига нолойиқ бўлган ЙПХ ходимларининг ноқонуний ҳаракатларини рағбатлантириш учун кўпроқ хизмат қилади. Ушбу қонун ҳужжатини муҳокамага қўйишнинг ўзи фуқаролик демократик жамиятини шакллантиришдаги ҳаракатларимизга болта уриши тайин”. — Эркин Каримов

“Йўл ҳаракатини тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинган. Мазкур қонунда Вазирлар Маҳкамасига йўл ҳаракати иштироки даврида видеотасвирга олишни тақиқлаш ваколати мавжуд эмас. Бу – масаланинг қонуний тарафи!

Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий талаблардан бири очиқлик ҳисобланади. Айнан шу очиқлик натижасида йўлларда радар белгиси ўрнатилди, инспекторларга бодикамералар берилди, ЙПХ ходимларининг асоссиз текширувлар ўтказиш ҳуқуқи бекор қилинди. Хўш, яна тақиқдан мақсад нима? ЙПХ ходимлари нимадан қўрқяпти? Халқданми? Ўзи хизмат қилиши керак бўлган халқнинг ўзига юклатилган вазифани бажаришини назорат қилишдан нимага яширинмоқчи?

Булар халқ хизматчилари бўлишадими ёки йўл хўжайинлари? Зеро, сир эмаски, айнан очиқлик натижасида инспекторлар орасида тартиб пайдо бўла бошлади! Бу – президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг ижобий натижаси. Аммо эски гвардия ёки аввалги тузумни қўмсаб қолган айрим виждонсизлар яна халққа қарши чеклаш ва тақиқлаш механизмларини таклиф этишяпти. Бу ҳужжатни умуман чиқармаслик керак”. —