Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Uzmetronom.com сайти асосчиси Сергей Ежков устидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ариза берганини маълум қилди.
Бунга Ежков томонидан ўз сайтида эълон қилинган “Бриллиантовий малчик” сарлавҳали мақола сабаб бўлган. Мақолада Алламжонов 4,2 млн долларлик тилла тақинчоқларни Ўзбекистонга ноқонуний олиб киришга шерик бўлганликда айбланган.
“Албатта, бу туҳмат, тўқима эртак. Энг ёмони ўзининг мақоласида у [муаллиф] мени ўта оғир жиноят, яъни Жиноят кодексининг 182-моддасида назарда тутилган “Божхона тўғрисидаги қонунларни бузиш” оғир жиноятини содир этишда айблаган”, – деди Комил Алламжонов.
Масс-медиа фонди раисининг сўзларига кўра, 2016 йилга қадар мазкур муаллиф одамларни қоралаш бўйича айрим махсус хизматларнинг буйруқларини бажариб келиши ҳақида гап-сўзлар бўлган.
“Мен Сергей Ежковнинг кимлигини унча яхши билмайман, ўзи билан шахсан таниш эмасман. Лекин 2016 йилга қадар одамлар орасида, у гўёки айрим махсус хизматларнинг буюртмаларини бажариб келган, деган гаплар юрарди. Гўёки у айрим фуқароларни обрўсизлантириш қуроли сифатида ишлатилиб келинган, деган фикрлар ҳам йўқ эмас. Мен буни билмайман, рост ёки ёлғонлигини. Лекин шундай фикрлар албатта бўлган. Бу сафар ҳам ана шундай буюртма борми ёки йўқми, буни тергов ҳал қилади. Уни терговга берамиз”.
Шунингдек, Алламжонов сўз эркинлиги қўллаши, бироқ ҳар бир танқидий материал фактларга асосланган бўлиши кераклигини айтган.
“Мен таҳлил қилиб кўрдим, 2019 йилдан буён Сергей Ежков томонидан “Алламжонов” мавзуси бўйича 30 дан ортиқ танқидий мақола чиққан экан. Шу вақтгача индамадим, чунки мен ҳамиша сўз эркинлиги, матбуот очиқлиги тарафдори бўлиб келганман. Бунинг учун курашганман, ҳозир ҳам ҳаракат қилиб, курашиб келяпман ва бу нарсани мен фақатгина ижобий баҳолайман. Лекин бир изоҳ биланки, ҳар битта мақола, материал ва танқид фактларга асосланган бўлиши керак.
30 та мақолага индамадим, лекин охиргиси ўтиб тушди. Ўтказворди, жудаям оширворди. Гап менинг обрўйим, мени репутациям ҳақида кетяпти. Мен бу нарсага бефарқ бўлиб қаролмайман. Бу сўз эркинлиги ҳам, матбуот ҳам эмас. Бу матбуот номи остидаги инструментдан жирканч мақсадлар остида фойдаланиш ҳисобланади ва бунга албатта чора кўрилиши керак. Биз бундай матбуот ва сўз эркинлигига мутлақо қаршимиз. Бундай бўлиши керак эмас.










