Масалан, 2022 йилнинг март-май ойларида кучли ёғингарчилик оқибатида Бухоро, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 15 га яқин йирик сел ва кўчкилар содир бўлди.

Оқибатда 9 нафар инсон ҳалок бўлди. 245 та хонадон, 19 та кўприк зарар кўрди, 450 дан ортиқ бош чорва моллари нобуд бўлган.

Шу ўринда савол туғилади. Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда ҳалокатли табиат ҳодисалари чиндан кўпайиб боряптими ёки улар аввалдан бўлган-у, биз уни билмасмидик?

Селларнинг ҳалокатли оқибатларидан ҳимояланиш ва инсонлар ўлимини камайтириш учун нималар қилиш керак? Ўзбекистонда бу борада қилинаётган ишлар етарлими?

Kun.uz мухбири шу каби саволлар атрофида иқлимшунослар – Эркин Абдулаҳатов ва Нодиршоҳ Мамадалиев билан суҳбатлашди.

Kun.uz: Хўш, аслида сел тошқинлари қандай вужудга келади?

Нодиршоҳ Мамадалиев: Сел ва сув тошқинлари асосан юқори тоғли ҳудудларда интенсив ёмғирлар (яъни жала ёмғир) ёғиши оқибатида вужудга келади. 

Бундай офатлар шунингдек, ёзги мавсумда ёғингарчилик бўлмагани учун кузатилади. Бунда юқори ҳаво ҳарорати оқибатида қор ва музликларнинг жадал эриши кузатилади.

Юқори тоғли ҳудудларда ёмғирларнинг бир дарё ўзани бўйлаб оқиб келиши ва бир неча сой сувларининг бирлашиши оқибатида эса аҳоли яшаш жойларида сел ва сув тошқини юзага келади.

Нодиршоҳ Мамадалиев

Фикримча, сўнгги йилларда сел ва сув тошқини ҳодисаларининг сонида кескин ўзгариш бўлгани йўқ. Шунчаки, ахборот технологиялари, ОАВ ва ижтимоий тармоқларнинг ривожланиши натижасида биз кўпроқ ҳодисалардан хабар топяпмиз.

Авваллари бу каби ҳодисалардан хабардор бўлишда қийналардик ёки жуда кеч олардик бундай маълумотларни.

Эркин Абдулаҳатов: Ўзбекистонлик иқлимшуносларда 1832 йилдан бошлаб то ҳозиргача кузатилган сел сув тошқинлари бўйича маълумотлар бор.

Мана шу рўйхатлар асосида таҳлил қиладиган бўлсак, охирги ўн йилликда, айниқса, 2016 йилдан кейин иқлим ўзгариши, ҳаво ҳароратининг исиб кетиши баҳор ва ёз ойларидаги жадал ёмғирларни келтириб чиқарувчи булутларни ҳам кўпайтириб юборди. Бу ҳаво оқимларининг тартибсиз ҳаракати туфайли юзага келмоқда.