Ўзбекистон | 16:36 / 01.06.2022
15371
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёдан Тошкентга олиб кетилаётган 830 килограмм истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинди

Гўшт лабораторияда текшириб кўрилганда истеъмолга яроқсизлиги маълум бўлган.

Фото: Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизмати

Қашқадарё вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 30 май куни соат 23:30 ларда Қашқадарё-Тошкент йўналишида ҳаракатланиб келган Cobalt машинаси вилоят ИИБ ЖХХ ЖТСБ Карантин бўлинмаси ва ЙҲХБ ходимлари томонидан Кўкдала туман ҳудудида жойлашган “Умакай” мунтазам ЙПХ масканида тўхтатилган.

Чироқчи туманида яшовчи Д.А. бошқарувида бўлган машина юкхонаси тегишли тартибда кўздан кечирилганда у ерда тегишли ветеринария маълумотномаси бўлмаган, келиб чиқиши номаълум бўлган, 830 килограмм оғирликдаги гўшт борлиги аниқланган.

Мазкур гўшт вилоят озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги микробиология ва ветеринария-санитария экспертиза лабораториясида текшириб кўрилганда истеъмолга яроқсизлиги маълум бўлган.

Аввалроқ, Сирдарё вилоятида Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларидан Тошкентга олиб кетилаётган 1 тоннадан ошиқ истеъмолга яроқсиз гўшт тўхтатиб қолинганди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид