Ўзбекистон | 07:27 / 16.06.2022
10689
2 дақиқада ўқилади

Ҳиммат Оқбўтаев янги лавозимга тайинланди

Ҳиммат Оқбўтаев Самарқанд вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди. Бу ҳақда Экология қўмитаси хабар берди.

Фото: Экология қўмитаси

Қайд этилишича, тайинлов Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг буйруғига биноан амалга оширилган.

Ҳиммат Оқбўтаев 1962 йил Самарқанд вилояти, Ургут туманида туғилган. Маълумоти – олий.

У меҳнат фаолиятини  1979 йилда Ургут туманида жамоа хўжалиги аъзоси сифатида бошлаган. Ҳарбий хизматни ўтагандан сўнг, 1983-1988 йилларда Тошкент давлат университетида таҳсил олган. 

1988-1991 йилларда Ургут туманидаги жамоа хўжалигида ҳуқуқшунос, 1991-1992 йилларда Навоий вилояти Хатирчи тумани прокуратураси иш ўрганувчиси, 1992-1993 йилларда Навоий тумани прокурори катта ёрдамчиси, 1993-1994 йилларда Навоий вилояти прокуратураси ички ишлар идораларида тергов ва суриштирув устидан назорат бўлими катта прокурори, 1994-1996 йилларда Навоий шаҳар прокурори ўринбосари, 1996-1999 йилларда Навоий тумани прокурори, 1999-2000 йилларда Навоий вилояти прокуратураси иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш бўлими катта терговчиси бўлган.

У 2000-2002 йилларда Бош прокуратура органларида терговни назорат қилиш бошқармаси прокурори, катта прокурори, 2002-2003 йилларда Бош прокуратура Ички ишлар вазирлиги идораларида тергов ва суриштирув устидан назорат бошқармаси бошлиғи ўринбосари, 2003-2004 йилларда Бош прокуратура Ички ишлар вазирлиги органларида қонунлар ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи, 2004-2006 йилларда Навоий вилояти прокурори ўринбосари вазифаларида ишлаган.

2006–2016 йиллар давомида Ургут тумани ҳокими бўлиб ишлаган Ҳ.Оқбўтаев 2016 йил 23 декабр куни Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланган.

Вилоят ҳокими сифатида бор-йўғи 6 ой ишлаган Ҳ.Оқбўтаев 2017 йил 12 июн куни президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида лавозимидан озод қилинган.

У 2017 йил 17 ноябр куни Қўшработ тумани ҳокими этиб тайинланиб, 2022 йил 15 июн куни лавозимидан олинди.

Мавзуга оид