Ер усти метросида электр туташуви рўй берди. Бунга кучли шамол сабаб бўлгани айтилди
Тошкент метросининг Сергели ер усти йўналишида ҳаракатланган поездда кетма-кет электр туташувлари содир бўлди. Метрополитен маъмурияти воқеа видеоси тарқалгунга қадар изоҳ бермади, кейинроқ релс четидаги тунука кучли шамол туфайли кўчиб, поезднинг ток қабул қилиш мосламасига текканини маълум қилди.
Интернетда тарқалган видеода метрополитенга янги олиб келинган поездлардан бирининг биринчи вагонида кетма-кет чақнашлар бўлгани кўринади.
Электр туташувлари вагоннинг машинист кабинаси ортида, йўловчилар вагонга кириши учун мўлжалланган биринчи эшик яқинида содир бўлиб, туташувлардан кейин ўша жой қорайиб қолган.
Метрополитен расмий хабарига кўра, воқеа 16 июн куни соат 20:05 атрофида ерусти ҳалқа йўлининг 6-ва 7-бекатлари оралиғида рўй берган.
“Йўл четидаги тўсин тунукасининг бир қисми атрофдаги кучли шамол сабабли ўз ўрнидан кўчиши натижасида ҳаракатланиб келаётган ҳаракат таркибининг ток қабул қилиш мосламасига теккан. Натижада эса қисқа туташув содир бўлган.
Шундан сўнг машинист ҳаракат таркибини тўхтатиб, ҳаракатланишга хавф соладиган ҳолатлар йўқлигини текшириб, ўз ҳаракатини давом эттирган.
Масъул ходимлар ҳолат юзасидан жойига бориб ўрганиш ишларини олиб боришди”, – дейилади расмий ахборотда.
Эслатиб ўтамиз, шу ой бошида “Олмазор” бекатида электр носозлиги рўй бериб, бир соат давомида Чилонзор йўналишидаги қатновлар издан чиққан эди.
Ўтган ойда “Тинчлик” бекатида йўловчи ташиётган поезд вагонларидан бирида чироқ ўчиб қолганди.
Бир неча ой олдин “Космонавтлар” ва “Туркистон” бекатларида вагонлардан бири тутаб кетганди.
Умуман, охирги бир йилда Тошкент метросида ўндан ортиқ носозлик ҳолатлари рўй берди.
Мавзуга оид
10:14 / 26.10.2022
“Сумка текширишнинг хавфсизликка алоқаси йўқ. Бу фақат театр” — фаоллар метрода ҳазиллашган қизга берилган жазодан норози
21:03 / 24.10.2022
Тошкент метросида сумкасида бомба борлигини айтган қиз ҳибсга олинди
01:45 / 22.10.2022
Тошкентдаги 85 фоиз бино ва иншоот ногиронлар учун мослаштирилмаган
13:36 / 06.10.2022