07:19 / 25.07.2022
31350

Бухорода жазирама ҳароратда буғдойзорга ташлаб кетилган 9 ойлик бола топилди

Ижтимоий тармоқларда 60 даражали ҳароратда чақалоқ буғдойзорга ташлаб кетилгани, у Бухоро вилояти Ғиждувон тумани, "Шукур тўхта" фермер хўжалиги ерларидан топиб олингани ҳақида маълумот тарқалди. Бухоро вилояти ИИБ ҳолат юзасидан расмий ахборот берди.

Фото: ИИБ ахборот хизмати

Аниқланишича, 2022 йилнинг 22 июль куни соат 16:07 да вилоят ИИБнинг 102 автоматлаштирилган тизимига Ғиждувон тумани “Кўлижаббор” МФЙ Кўхна Найман қишлоғида жойлашган “Шукур Тўхта” фермер хўжалиги дала майдони ёқасидаги (капа) шийпонда шахси аниқ бўлмаган тахминан 9 ойлик бола топиб олиниб, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилгани ҳақида хабар келиб тушган.

Мазкур хабар Ғиждувон тумани ИИБ навбатчилик қисмида қайд қилиниб, тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса содир бўлган жой кўздан кечирилган ва кечиктириб бўлмас терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилган.

Ҳозирги кунда ушбу шахси аниқ бўлмаган тахминан 9 ойлик бола Ғиждувон туман тиббиёт бирлашмаси болаларни соғломлаштириш бўлимида шифокорлар назоратига олинган бўлиб, ҳолат юзасидан Ғиждувон туман ички ишлар бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Терговга қадар текширув ҳаракатлари якуни юзасидан қўшимча маълумот берилиши айтилган.

Top